"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди
2026-04-10 15:35:00 / Пресс-тур

Оҳангарон туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида, туман ҳокимлиги Ахборот хизмати ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди. Ушбу тадбир орқали журналистлар ва блогерлар ҳудудда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишларини бевосита жойига чиққан ҳолда кузатиш имкониятига эга бўлишди.
“Яшил макон” лойиҳасининг 2026-йил баҳорги мавсуми учун Оҳангарон туманида 491 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган эди. Амалда эса бу кўрсаткич ортиғи билан бажарилиб, бугунги кунга қадар туман бўйича жами 557 минг туп дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Экилган кўчатларни мунтазам парвариш қилиш мақсадида, ҳудудларда зарур инфратузилма ишлари ҳам амалга оширилди. Хусусан, 20 та тик қудуқ қазилиб, сув чиқарилди, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун замонавий томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Бу эса кўчатларнинг барқарор ўсиши ва парваришини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари А-373 магистрал йўли бўйлаб барпо этилган “яшил боғ”лар билан ҳам танишдилар. Мазкур ҳудудларда республика, вилоят ва туман миқёсидаги ташкилотлар томонидан ўзларига бириктирилган майдонларда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиб, янги яшил ҳудудлар яратилган. Бу боғлар нафақат экологик муҳитни яхшилаш, балки йўл атрофига янада кўркам қиёфа бағишлашга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида соҳадаги масъул мутасаддилар, экологлар ва лойиҳа ижрочилари иштирокида интервьюлар ташкил қилиниб, амалга оширилаётган ишлар, келгуси режалар ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича белгиланган вазифалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Мазкур пресс-тур “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Оҳангарон туманида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчиликка холис ва очиқ тарзда етказиш, аҳолини экологик ташаббусларга кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этди.









