Ёшлар билан давра суҳбати ташкил этилди
2026-04-09 15:30:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ҳарбий касбга қизиқишни ошириш ҳамда юртимиз чегаралари дахлсизлигини таъминлашдек муқаддас вазифанинг аҳамиятини кенг тарғиб этиш мақсадида, навбатдаги маърифий тадбир ташкил этилди.
Оҳангарон туман ҳокимлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг “Ёш чегарачилар” ҳарбий академик лицейи ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида туман ёшлари, таълим муассасалари вакиллари ҳамда соҳa мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Ғанишер Наврўзов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, давлат чегараларини ишончли муҳофаза қилиш, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталди. У ўз нутқида Ватан сарҳадларини қўриқлаш ҳар бир фуқаронинг юксак масъулияти эканини таъкидлаб, ёшларни юрт тинчлиги ва хавфсизлигини асрашдек шарафли бурчга садоқат билан ёндашишга чақирди.
Шунингдек, “Ёш чегарачилар” ҳарбий академик лицейи директори ўринбосари Шерзод Омонов лицей фаолияти, у ерда яратилган замонавий шарт-шароитлар, таълим жараёни ва курсантлар учун мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. У лицей нафақат ҳарбий билим бериш, балки ёшларни жисмонан ва маънан етук, интизомли кадрлар этиб тарбиялашда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Давра суҳбати давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиб, ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш тартиби, талаб ва имкониятлар ҳақида кенг маълумотга эга бўлишди.






