Оҳангарон туманида "Раҳбар ва ёшлар учрашуви" тадбири ўтказилди
2026-04-02 17:05:00 / Янгиликлар

Пайшанба — ёшлар куни муносабати билан Оҳангарон туманида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда туман ҳокими Баҳром Норқобилов ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов иштирок этди.
Учрашув давомида ёшлар билан самимий ва очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Раҳбарлар томонидан ёшларни илм-фанга қизиқтириш, изланиш ва ўз устида ишлаш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш, спорт билан мунтазам шуғулланиш, айниқса, китобхонлик маданиятини юксалтириш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқот жараёнида ёшлар томонидан билдирилган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти бўйича шу жойнинг ўзида амалий ечимлар белгилаб олинди. Бу эса ёшларнинг муаммоларига тезкор ва манзилли ёндашув таъминланаётганидан далолат беради.
Тадбир давомида ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган, "Ёшлар дафтари" рўйхатида турган бир қатор ёшларга туман ҳокими томонидан олий таълим муассасаларида ўқиш учун контракт тўловларини қоплаш мақсадида ваучерлар топширилди.
Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари томонидан туман Ахборот-кутубхона маркази фондини бойитиш мақсадида қимматли китоблар тўплами тақдим этилди. Бу эса ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Тадбир якунида эса туман ёшлар етакчиларига Беш ташаббус олимпиадаси мусобақаларини юқори савияда ташкил этишлари учун зарур бўлган спорт инвентарлари топширилди.







