Ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади
2026-03-05 13:05:00 / Расмий муносабат

EKOLOG.UZ| RU телеграм каналида Оҳангарон туманининг "Қорасувёқа" маҳалласида кўп йиллик манзарали дарахтларнинг ноқонуний кесилганлиги тўғрисида танқидий пост жойланган. Ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Хусусан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг хабарига кўра, Оҳангарон тумани "Қорасувёқа" МФЙ ҳудудидаги 11,5 гектар ер майдонида 100 дан ошиқ кўп йиллик манзарали дарахтлар ва буталар ғайриқонуний тарзда кесилгани аниқланган.
Қайд этилишича, ўтказилган тадбирда Оҳангарон туманининг “Қорасувёқа” маҳалла ҳудудида “Ф.А.Б.” фермер хўжалиги томонидан 11,5 гектар ер майдонида 100 дан ошиқ кўп йиллик манзарали дарахтлар ва буталар ғайриқонуний тарзда кесилгани ҳамда илдиз қисми билан қўпориб кўмиб ташлангани маълум бўлган.
Ўрганиш давомида 59 туп дарахтнинг илдиз қисми аниқланиб, тегишли тартибда ҳудудга илдиз қисмлари йўқ қилиб юборилмаслиги учун фаоллар жалб қилиниб, навбатчилик ишлари олиб борилган.
Ҳуқуқбузарлик оқибатида Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 22-августдаги 464-сонли қарорига кўра, табиатга 1 миллиард 463 миллион 12 минг сўм зарар етказилгани аниқланган.
Маълумот учун, қарорга кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий даврида дарахтлар ва буталарга етказилган зарар миқдори икки бараварга оширилган.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳоза қилиш органларига юборилган.
