Ёшларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
2026-03-27 15:00:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида ёшларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда замонавий лойиҳаларни амалиётга жорий этишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Хусусан, туман ҳокими ўринбосари Жамшид Латипов ёшлар томонидан шакллантирилган стартап ва тижоратлаштириш лойиҳалари билан танишди. Учрашув давомида тақдим этилган лойиҳалар таҳлил қилиниб, уларнинг долзарблиги, инновацион янгилиги, иқтисодий самарадорлиги ҳамда келгусида эришилиши мумкин бўлган натижалар атрофлича муҳокама қилинди.
Алоҳида таъкидланганидек, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни амалий натижага йўналтириш орқали янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиёт тармоқларига замонавий ечимларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув давомида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги истиқболли лойиҳаларни амалга татбиқ этиш, прототип лойиҳаларини амалиётга жорий қилиш ҳамда уларни тегишли корхона ва ташкилотлар билан боғлаш орқали ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, ҳар пайшанба — Ёшлар куни доирасида туман ёшлари билан мунтазам равишда инновацион лойиҳаларни шакллантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини ҳал этишга қаратилган учрашувларни ташкил этишга келишиб олинди.



