ОҲАНГАРОН ТУМАНИДА ЗАМОНАВИЙ ЛАБОРАТОРИЯ ФАОЛИЯТИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ
2026-03-27 14:55:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ҳамда турли соҳаларда сифат назоратини кучайтиришга қаратилган муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда.
Хусусан, туман санитария-эпидемиология бўлимида замонавий, кенг қамровли лабораторияни ташкил этиш ишлари якунига етказилмоқда. Ушбу лабораториянинг ишга туширилиши ҳудуддаги санитар ҳолатни янада яхшилаш, хавфсизликни таъминлаш ва тезкор таҳлиллар ўтказиш имкониятларини кенгайтиради.
Янги лабораторияда қуйидаги йўналишларда текширув ва таҳлил ишларини амалга ошириш имконияти яратилади:
— ернинг ҳолати ва балансига оид таҳлиллар;
— ичимлик ва техник сувнинг яроқлилик даражасини аниқлаш;
— атроф-муҳитдаги шовқин (товуш) меъёрларига риоя этилишини ўрганиш;
— ҳавонинг ифлосланиш даражасини баҳолаш;
— озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини текшириш;
— қурилиш соҳаси, шунингдек қишлоқ хўжалиги (фермерлик ва чорвачилик) йўналишларида лаборатория назоратларини олиб бориш.
Лабораторияни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун 1 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Бу эса таҳлилларни юқори аниқликда, тезкор ва ишончли тарзда амалга ошириш имконини беради.
Мазкур лаборатория келаси ҳафтада расман фаолият бошлайди.



