Тиббиёт бирлашмасида Наврўз байрами нишонланди
2026-03-26 14:30:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туман Тиббиёт бирлашмасида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан байрам тадбири кўтаринки кайфиятда ташкил этилди. Унда тиббиёт ходимлари учун байрамона дастурхон ёзилиб, миллий қадриятлар ва анъаналаримизга хос муҳит яратилди.
Тадбир давомида бирлашма таркибидаги бўлимлар, шунингдек, оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктлари жамоалари томонидан турли мусиқий ва бадиий чиқишлар намойиш этилди. Чиқишларда халқимизга хос урф-одатлар, миллий қадриятлар ва анъаналар ўз аксини топди. Барча иштирокчиларнинг миллий либосларда бўлиши байрамга алоҳида файз бағишлади.
Шунингдек, дастурхонлар миллий таомлар билан безатилиб, меҳмонлар учун ҳақиқий Наврўз муҳити яратилди. Бу эса жамоа ўртасида ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфиятни янада мустаҳкамлади.
Тадбирда Оҳангарон тумани ҳокимининг ўринбосари Ихтиёр Қурбонов иштирок этиб, йиғилганларни туман ҳокимлиги номидан самимий табриклади. У ўз сўзида тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатини эътироф этиб, уларга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва масъулиятли фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилади.









