Наврўз – бирдамлик, меҳр-оқибат ва миллий қадриятлар тимсоли
2026-03-24 15:50:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида баҳорнинг энг улуғ ва қадрли байрамларидан бири – Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланди. Жумладан, туманнинг “Қорахитой” маҳалласида жойлашган “Булоқ” зиёратгоҳида ўтказилган тантанали тадбир аҳоли учун ҳақиқий байрамона кайфият улашди.
Тадбирда туман ҳокими Баҳром Норқобилов иштирок этиб, йиғилганларни ушбу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этди. Туман раҳбари нутқида Наврўз азал-азалдан халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби юксак фазилатларини ўзида мужассам этган байрам эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлидаги эзгу ишлар халқимиз бирдамлиги ва меҳнати билан янада юксак самаралар беришига ишонч билдирди.
Байрам тадбири доирасида тумандаги корхона ва ташкилотлар томонидан миллий анъаналаримизга мос ҳолда безатилган павильонлар ташкил этилди. Уларда халқимизга хос бўлган турли миллий таомлар тайёрланиб, меҳмонларга тақдим этилди. Миллий урф-одат ва қадриятларни акс эттирувчи кўргазмалар байрамнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди.
Айниқса, нуронийларга кўрсатилган юксак эҳтиром ва эътибор тадбирнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири бўлди. Уларга алоҳида эътибор қаратилиб, эзгу дуолари олинди.
Тантаналар давомида туман Маданият бўлими ҳамда таниқли санъаткорлар иштирокида катта гала-концерт дастури намойиш этилди. Қўшиқ ва рақслар, миллий чиқишлар байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлаб, Наврўзнинг файзу таровати янада яққол намоён бўлди.
