Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг байрам табриги
2026-03-21 07:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли тумандошлар!
Сиз – азизларни қадимий ва ҳамиша навқирон Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан самимий муборакбод этаман.
Наврўз бу – азалий миллий анъаналаримиз, бой қадриятларимиз ва эзгу орзу-ниятларимизни ўзида мужассам этган улуғ айёмдир. У баҳор, янгиланиш ва яратувчанлик тимсоли сифатида юртимизга файз ва барака олиб киради.
Ушбу қутлуғ кунда юртимизда меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик туйғулари янада юксалади. Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, кексаларни эъзозлаш, меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос олий фазилат сифатида намоён бўлади.
Наврўз айёмида миллий таомларимиз – сумалак, ҳалимлар пиширилиб, халқ сайиллари, маданий ва маънавий тадбирлар ўтказилиши орқали халқимиз бир тану бир жон бўлиб, байрамни кўтаринки руҳда нишонлайди.
Айни пайтда, Наврўз – деҳқончилик мавсумининг бошланиши ҳамдир. Ерга уруғ қадаш, мўл ҳосил учун дуолар қилиш, меҳнатга бел боғлаш каби эзгу анъаналар бу байрамнинг мазмун-моҳиятини янада бойитади.
Азиз юртдошлар!
Сизларни яна бир бор Наврўз байрами билан табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик, файзу барака ва тўкин-сочинлик тилайман. Юртимизда доимо осойишталик, халқимиз орасидаги бирдамлик ва аҳиллик абадий бўлишини тилаб қоламан.
Наврўз байрами барчангизга муборак бўлсин!
Ҳурмат билан,
Баҳром Норқобилов, Оҳангарон тумани ҳокими.
