Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг Рамазон ҳайити муносабати билан байрам табриги
2026-03-20 07:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар!
Барчангизни муборак Рамазон ҳайити айёми билан самимий муборакбод этаман. Юртимизда азалдан инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тимсоли сифатида нишонланиб келинаётган ушбу байрам барчамиз учун алоҳида маънавий аҳамият касб этади.
Рамазон ҳайити халқимизнинг асрлар давомида шаклланган диний ва миллий қадриятлари, бой анъаналари ва эзгу урф-одатларини янада мустаҳкамлайдиган, инсонларни меҳр-шафқат, саховат ва бағрикенгликка чорлайдиган муборак кундир. Бу айёмда одамлар ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаб, бир-бирига меҳр ва эътибор кўрсатадилар.
Айниқса, ушбу қутлуғ кунларда кексалар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжманд оилаларни, ногиронлиги бўлган фуқароларни йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиб, кўнглини кўтариш халқимизга хос эзгу фазилатлардан ҳисобланади. Рамазон ҳайити инсонларни яхшилик қилишга, эҳсонлар улашишга, муҳтожларга кўмак беришга ундайди.
Бугунги кунда туманимизда ҳам ана шундай хайрли ишлар, саховат ва мурувват тадбирлари изчил давом этмоқда. Бу эса жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Азиз тумандошлар!
Муборак Рамазон ҳайити хонадонларингизга тинчлик-осойишталик, файзу барака, оилаларингизга сиҳат-саломатлик ва фаровонлик олиб кирсин.
Барчангизни яна бир бор Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Баҳром Норқобилов, Оҳангарон тумани ҳокими.
