Ҳолатга аниқлик киритилди
2026-03-18 12:55:00 / Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда қишлоқ жойдаги тўй маросими акс этган видеоматериал кенг тарқалиб, унда кадр ортидан никоҳланувчилар 10-синф ўқувчилари эканлиги ҳақида маълумот берилган.
Шунингдек, Instagram ижтимоий тармоғида жойланган мазкур видео остидаги изоҳлардан бирида ушбу ҳолат Танга топди қишлоғида содир бўлгани ҳақида фикр билдирилган.
Оҳангарон тумани “Четсув” маҳалласи ҳудудида Танга топди қишлоғи мавжудлиги инобатга олиниб, мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида, Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими, Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар натижасида видеодаги ҳолат Оҳангарон тумани “Четсув” маҳалласи ҳудудидаги Танга топди қишлоғида содир бўлмагани маълум бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Оҳангарон туманида мутасадди ташкилотлар томонидан мунтазам равишда эрта никоҳларнинг олдини олиш, ёшларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

