Еттинчи чақириқ Халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгашининг навбатдаги 23-сессияси бўлиб ўтди
2026-03-17 13:25:00 / Янгиликлар

Сессия ишида бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5-февралдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–48-сонли Қарори ижросини таъминлаш доирасида Оҳангарон туманида амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар юзасидан ахборот тингланди. Унда кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, бошқарув ташкилотлари фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, сессияда Оҳангарон тумани маҳаллий бюджетининг 2025-йил якуний ижроси тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, йил давомида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ижтимоий соҳаларни молиялаштириш, ҳудудни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Навбатдаги масала сифатида 2026-йил бошига шаклланган маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағларини устувор йўналишларга йўналтириш масаласи муҳокама этилди.
Сессия кун тартибидан ўрин олган яна бир масала Оҳангарон туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг 2025-йил давомида амалга оширган фаолияти юзасидан ҳисоботи бўлди. Марказ томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Муҳокамалар якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.






