Тадбиркор ва фермерлар учун амалий семинар ташкил этилди
2026-03-06 11:10:00 / Янгиликлар

Оҳангарон туманида тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари учун қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этишнинг афзалликлари мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Тадбир аввалида туман ҳокими Баҳром Норқобилов сўзга чиқиб, бугунги кунда юртимизда тадбиркорлар ва фермерларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш учун кенг имконият ва имтиёзлар яратилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, замонавий талаблардан келиб чиқиб, хусусан, қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари фаолиятида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Туман раҳбари, айниқса, сув насосларидан фойдаланувчи тадбиркорлар ва фермерлар учун қуёш панелларини ўрнатиш юқори иқтисодий самара бериши, электр энергияси харажатларини камайтириши ва ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашини қайд этди.
Ўз навбатида, туман прокурори Фахриддин Мирзаев мазкур йўналишда туманда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди. Шунингдек, айрим тадбиркорлар ва фермерлар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун кредит маблағлари ажратилган бўлса-да, ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани танқидий муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қуёш панелларини ўрнатиш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки энергия ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Семинар давомида соҳадаги замонавий технологияларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотлари ва ускуналари билан иштирок этди. Шунингдек, банк тизими вакиллари томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олиб, ушбу йўналишдаги имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар олишди.







