Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг туман ёшларига мурожаати
2026-02-27 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Азиз ва шижоатли ёшлар!
Хабарингиз бор, Муҳтарам Президентимиз 2026 йил 24 февраль куни ёшлар билан учрашиб, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим мулоқот ўтказди. Ушбу учрашувда ёшлар билан ишлашни янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг билим олиши, касб эгаллаши ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун кенг имкониятлар яратиш бўйича қатор амалий вазифалар белгилаб берилди.
Бугун давлат сиёсатида ёшлар масаласи энг устувор йўналишлардан бирига айланмоқда. Энди ҳокимлар томонидан ёшларбоп савдо-сервис лойиҳалари ташкил этилади, ёшларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, касб ва тил ўрганиши, муносиб ишга жойлашиши ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун ҳар томонлама кўмак кўрсатилади. Стартап ғоясига эга бўлган фаол ёшлар билан доимий учрашувлар ўтказилиб, уларга алоҳида маблағ ва грантлар ажратилади.
Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб, ўз бизнесини бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтириш истагидаги ёш тадбиркорларга эса 2 миллиард сўмгача кредит маблағлари ажратилиши белгиланди. Бу имкониятлар — ҳар бир ташаббускор ва интилиши баланд ёш учун катта қадам ташлаш имкониятидир.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истаган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун, давлатимиз томонидан 200 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилгани ҳам сизларга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Ёшлар билан очиқ мулоқотни янада кучайтириш мақсадида, Президентимиз томонидан ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Энди ҳар ҳафта шу куни ҳоким бошчилигида туманимиздаги барча раҳбарлар ёшлар билан учрашиб, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглайди, муаммоларини жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратади.
Азиз ёшлар!
Сизлар — Оҳангароннинг бугуни ва эртасисиз. Замон талаб қилаётган билим ва касбни эгаллаш, спорт ва маданиятга интилиш, янги ғоя ва лойиҳаларни илгари суриш — бу нафақат шахсий муваффақият, балки туманимиз тараққиётига қўшилган муносиб ҳиссадир. Ҳар бирингизни фаол бўлишга, яратувчанликка, ташаббускорликка чорлайман.
Туман ҳокимлиги сизларнинг барча эзгу ташаббусларингизни қўллаб-қувватлашга тайёр. Ғоянгиз, муаммо ёки таклифингиз бўлса, бемалол мурожаат қилинг — биз доимо сиз билан биргамиз.
Ишончим комилки, билимли, ватанпарвар ва ташаббускор ёшларимиз билан Ватанимизнинг келажаги янада порлоқ бўлади.
Ҳурмат билан,
Баҳром Норқобилов, Оҳангарон тумани ҳокими.
