Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг туман аҳолиси ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига МУРОЖААТНОМАСИ
2026-02-25 16:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли тумандошлар, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари!
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг 2026 йил баҳорги мавсумига старт берилди. Мазкур ташаббус атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларимизни янада обод ва кўркам қилиш, аҳоли саломатлиги учун қулай экомуҳит яратишга қаратилган муҳим амалий ҳаракатлардан биридир.
Жорий йил баҳор мавсумида Оҳангарон туманида жами 591 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Бу эзгу ишларни ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча ва ҳар бир хонадон иштирокида, ҳамжиҳатлик ва уюшқоқлик асосида амалга оширишимиз зарур.
Айни дамда юртимизда муборак Рамазон ойи давом этмоқда. Бу ойда кўплаб хайрли ишларни амалга ошириш анъана ва қадриятга айланган. Кўчат экиш ҳам савобли амал, келажак авлодга соғлом ва обод муҳит қолдиришга хизмат қиладиган хайрли ишдир. Шу боис, ушбу тадбирларни кўтаринки кайфият, фаоллик ва умумий масъулият билан ўтказиш барчамизнинг бурчимиздир.
Шу муносабат билан, барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларидан ўзларига бириктирилган ҳудудларда кўчат экиш ишларини пухта ташкил этишларини сўрайман. Аввалги мавсумларда экилиб, қуриб қолган кўчатлар ўрнига янгиларини экиш, уларни мунтазам парваришлаш, суғориш тизимларини йўлга қўйиш ва ҳудудларни ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилиши зарур.
Азиз фуқаролар!
Сизларни ҳам хонадонларингиз ва томорқаларингизда дарахт кўчатлари экишда фаол бўлишга чақираман. Шунингдек, маҳалла “еттилиги” аъзолари ҳашарлар ташкил этган ҳолда маҳалла ҳудудларида кўчат экиш ишларини тизимли равишда йўлга қўйишлари мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Бугун экиладиган ҳар бир кўчат — эртанги мусаффо ҳаво ва фаровон келажак демакдир. Келинг, биргаликда Оҳангаронимизни янада яшил ва гўзал масканга айлантирайлик!
Ҳурмат билан,
Баҳром НОРҚОБИЛОВ, Оҳангарон тумани ҳокими.
