"Шовғоз" маҳалласи – жиноятчилик ва ажримлардан ҳоли ҳудуд
2026-02-25 15:45:00 / Янгиликлар

Учрашув аввалида маҳалла “еттилиги” томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар эшитилди ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ўтган йил давомида маҳалла ҳудудида бирорта жиноят ҳолати қайд этилмагани, шунингдек, низоли оилаларнинг мавжуд эмаслиги иштирокчилар томонидан мамнуният билан қабул қилинди. Бу эса маҳаллада ижтимоий муҳит барқарор эканини ва профилактик ишлар самарали ташкил этилганини кўрсатади.
Туман раҳбари маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш устувор вазифа эканини таъкидлаб, ишсизликка барҳам бериш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича қатор тавсиялар берди. Айниқса, ҳудуднинг тоғли шароити ҳисобга олинган ҳолда чорвачиликни ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш имкониятлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Аҳоли томонидан маҳаллага олиб борувчи 9 километр узунликдаги йўлни таъмирлаш, мактаб биносини таъмирлаш, ёпиқ турдаги спорт стадиони қуриш ҳамда уй-жойларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш масалалари кўтарилди.
Мутасаддилар томонидан мазкур масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди. Жумладан, йўл ва мактаб биносини таъмирлаш, шунингдек ёпиқ турдаги стадион қурилиши ишлари жорий йил дастурига киритилгани маълум қилинди. Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича эса амалдаги акция доирасида ишлар босқичма-босқич амалга оширилаётгани, навбат асосида “Шовғоз” маҳалласида ҳам расмийлаштириш ишлари олиб борилиши таъкидланди.
Мулоқот ўта самимий ва очиқ руҳда ўтди. Маҳалла нуронийлари томонидан шукроналик сўзлари билдирилиб, туман ҳокимининг ҳудудга ташрифи ва аҳоли муаммоларига эътибор қаратаётгани алоҳида таъкидланди.



