ОАВ вакиллари учун “Agro Eko Farm” МЧЖ чорвачилик комплексида ўтказилган семинар юзасидан пресс-тур ташкил этилди
2026-02-20 15:10:00 / Пресс-тур

2026 йил 20 февраль куни Оҳангарон туманидаги “Agro Eko Farm” МЧЖ чорвачилик комплексида “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича қарорлар билан белгилаб берилган имтиёзлар” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Баҳром Норқобилов, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзнаслчилик корхонаси директори, Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш маркази олимлари, соҳавий мутахассислар ҳамда чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинарни туман ҳокими Баҳром Норқобилов очиб берди. У ўз сўзида мамлакатимизда чорвачилик тармоғини модернизация қилиш, наслчилик базасини мустаҳкамлаш, юқори маҳсулдор зотларни кўпайтириш ҳамда соҳада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қарорлар ва яратилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, соҳада илмий ёндашувни кучайтириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва халқаро тажрибани ўрганиш орқали маҳсулдорликни ошириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.
Семинар давомида олимлар ва мутахассислар томонидан қатор долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.
Жумладан, чорвачилик тармоқларини ривожлантиришда илмий ёндашувнинг аҳамияти, наслчилик ишларини такомиллаштириш, сунъий уруғлантириш технологияларини кенг жорий этиш, хориждан наслли молларни олиб келиш ва уларни маҳаллий шароитга мослаштириш, хорижий молиявий институтлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мутахассислар томонидан фермерлар учун амалий тавсиялар берилди, соҳада учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар “Agro Eko Farm” МЧЖ чорвачилик комплекси фаолияти билан яқиндан танишди. Бўрдоқичиликка ихтисослашган мазкур комплексда бугунги кунда 400 бошдан ортиқ буқа ва 2800 бош қўй парваришланмоқда.
Комплексда замонавий парвариш усуллари жорий этилган бўлиб, 15 та янги иш ўрни яратилгани аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Семинарни кенг ёритиш мақсадида, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Журналистлар комплекснинг иш жараёни, яратилган шароитлар ва қўлланилаётган технологиялар билан танишиб, мутахассислардан батафсил маълумотлар олдилар.









