Ходимлар қатъий огоҳлантирилди
2026-02-19 21:30:00 / Расмий муносабат

Facebook ижтимоий тармоғида “Нуробод” маҳалласи ҳудудида дайди итларни овлаш жараёни акс этган видеолавҳалар тарқалди. Унда айрим ходимлар томонидан жониворларга нисбатан қаттиқ муносабатда бўлинган ҳолатлар кузатилган. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
“Нуробод” маҳалласи аҳолиси томонидан сўнгги вақтларда дайди итлар сони кескин кўпайиб кетгани бўйича туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларда дайди итлар фуқаролар, айниқса, ёш болалар учун хавф туғдираётгани, уларнинг мактабгача таълим муассасалари ҳудудига кириб бораётгани, чиқиндиларни сочиб, санитария ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳамда турли касалликлар тарқалиш хавфи мавжудлиги билдирилган.
Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалдаги тартиб-қоидалар асосида дайди итларни овлаш тадбири ташкил этилган.
Афсуски, тадбирлар давомида айрим ходимлар томонидан жониворларга нисбатан номуносиб ва кескин муносабатда бўлишган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман Ободонлаштириш бошқармаси масъуллари иштирокида ходимлар билан муҳокама ўтказилди. Унда жониворларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлмаслик, белгиланган ветеринария ва санитария талабларига қатъий риоя этиш бўйича қўшимча йўриқномалар берилди. Масъул ходимлар қатъий огоҳлантирилди.
Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича назорат чоралари кучайтирилди.



