Рамазон ойини муносиб ўтказиш масалалари муҳокама қилинди
2026-02-19 12:15:00 / Янгиликлар
Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов раислигида муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ташкил этиш ва ўтказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 16-февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-65-сонли ҳамда 2026-йил 17-февралдаги “Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-67-сонли қарорлари ижросини таъминлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” эзгу ғояси асосида ўтказилиши белгиланган муқаддас ойни кўтаринки руҳда ўтказиш, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда хайрия ва маънавий-маърифий тадбирларни мазмунли ташкил этиш вазифалари белгилаб олинди. Шунингдек, тадбирларни ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда, ихчам ва тарбиявий аҳамиятга эга тарзда ўтказиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, ижтимоий реестрда турган оилаларга ажратиладиган бир марталик пул маблағларини ўз эгаларига ўз вақтида ва манзилли етказиш, ушбу жараёнда адолат ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди. Йиғилиш якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли маъсулларга аниқ вазифалар юклатилиб, уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш белгиланди.



