Оҳангарон тумани ИИБ бошлиғи в.в.б Жамшид Ҳайдаровнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ
2026-02-06 14:25:00 / Янгиликлар

Ҳурматли тумандошлар!
Муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик-осойишталик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Айниқса, жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш ва замонавий хавф-хатарларга қарши курашиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан туманимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида доимий фаолият кўрсатувчи Республика идоралараро тезкор штаби фаолияти йўлга қўйилган.
Шунингдек, бугунги рақамли даврда интернет ва замонавий технологиялар ҳаётимизни енгиллаштирмоқда. Шу билан бирга, кибержиноятчилик ҳолатлари ҳам тобора ортиб бормоқда. Фирибгарлар турли усуллар орқали фуқароларни алдашга, уларнинг шахсий маълумотлари ҳамда молиявий маблағларини қўлга киритишга уринмоқда.
Хусусан, 2025 йилда туманимизда жами содир этилган жиноятларнинг ярми ахборот технологиялари (кибержиноят) ёрдамида содир этилган.
Кибержиноятчилик — интернет ва мобил алоқа воситалари орқали содир этиладиган фирибгарлик, банк карталаридан пул ўғирлаш, шахсий маълумотларни қўлга киритиш, ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар орқали алдаш, кибербуллинг ва зарарли дастурлар тарқатиш каби ҳуқуқбузарликларни ўз ичига олади. Бундай жиноятлар фуқароларнинг молиявий аҳволига ва руҳий ҳолатига жиддий зарар етказади.
Ҳурматли фуқаролар!
Кибержиноятларнинг олдини олиш мақсадида, қуйидаги қоидаларга амал қилишингизни сўраймиз: шахсий маълумотлар, банк карта рақамлари, СМС-код ва паролларни ҳеч кимга берманг; ижтимоий тармоқ ва банк иловаларида мураккаб пароллар ҳамда икки босқичли ҳимоядан фойдаланинг; “ютиб олдингиз”, “тез бойиш”, “ҳисобингиз блокланди”, каби хабарларга ишонманг; номаълум ҳаволалар ва файлларни очманг; онлайн тўловларни фақат ишончли ва расмий сайтлар орқали амалга оширинг.
Шу муносабат билан, фуқаролардан киберхавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш сўралади.
Хусусан:
• банк карталари маълумотлари, СМС-кодлар, ПИН-кодлар ва паролларни бегоналарга ошкор этмаслик;
• номаълум қўнғироқлар, шубҳали СМС-хабарлар ва ҳаволаларга ишонмаслик;
• ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларни очиқ жойлаштирмаслик;
• тўлов ва молиявий операцияларни фақат расмий ва ишончли сайтлар орқали амалга ошириш;
• телефон ва компьютерларга фақат лицензияланган дастурларни ўрнатиш тавсия этилади.
Агар фуқаролар киберфирибгарлик ҳолатига дуч келса ёки шубҳали вазиятни сезса, зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки банк муассасаларига мурожаат қилиши лозим.
Ҳар бир фуқаронинг ҳушёрлиги ва онгли муносабати жамият хавфсизлигининг муҳим кафолати ҳисобланади. Киберхавфсизлик фақат мутахассисларнинг вазифаси эмас, балки барчанинг умумий масъулиятидир.
Кибержиноятга қарши курашиш техник, ҳуқуқий ва ташкилий чораларни қўллашнинг энг самарали усуллари мавжуд.
Булар: техник усуллари, кучли пароллар ва 2ФА (икки босқичли аутентификация), антивирус ва firewallдан доимий фойдаланиш, дастур ва тизимларни янгилаб бориш (патчлар жуда муҳим), маълумотларни шифрлаш, захира нусхалар (баcкуп) яратиш, фишингни аниқлаш воситалари (шубҳали ҳаволаларни блоклаш), шубҳали ҳолатлар юзага келганда дарҳол туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилиш сўралади.
Унутманг, фирибгарликнинг асосий сабаби бепарволик ва ортиқча ишонувчанликдир. Ҳар бир фуқаро ўзининг ва яқинларининг мол-мулки ҳамда шахсий маълумотлари хавфсизлиги учун масъул эканини англаб етиши зарур.
Ички ишлар тумани томонидан киберхавфсизликни таъминлаш, фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш бўйича доимий профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Бунда аҳолининг онгли муносабати ва ҳамкорлиги энг муҳим омил ҳисобланади.
Ҳурматли фуқаролар!
Огоҳ бўлинг, ахборот маданиятингизни оширинг, ўзингизни ва яқинларингизни фирибгарлардан асранг!
Жамшид Ҳайдаров, Оҳангарон тумани ИИБ бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи.
