Оҳангарон туман Солиқ инспекцияси бошлиғи Анвар Мўминовнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ
2026-02-05 15:55:00 / Янгиликлар

Ҳурматли тумандошлар, азиз тадбиркорлар!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида яширин иқтисодиётни қисқартириш муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари яширин иқтисодиётни расмийлаштириш нақд пулсиз тўловлар орқали иқтисодий фаолиятни очиқ қилиб бориш – бу Давлатни устувор вазифаларидан бири эканлигини, яширин иқтисодиётни қисқартириш- бу шунчаки солиқ масаласи эмас, балки ҳалол рақобат, адолатли бозор ва барқарор бюджет тушумларини таъминлаш, демакдир деб таъкидлаб ўтди.
Шу боис, барча соҳаларда ҳисоб-китобларни рақамлаштириш, нақд пулсиз тўловларни кенгайтириш ва тадбиркорликни расмий фаолиятга олиб чиқиш бўйича ишларни изчил давом эттириш лозимлиги, 2026 йилда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича ҳам туб бурилишни амалга оширишда қабул қилинган алоҳида дастур асосида солиқ тизимида ишларни кучайтиришни олдимизга мақсад қилиб олдик.
“Соя”даги иқтисодиётдан ихтиёрий равишда шаффофликка чиқмоқчи бўлган тадбиркорлар бухгалтерия, статистика, солиқ ҳисоботларини юритиш бўйича бепул ўқитилиши ҳам яширин иқтисодиёт улушини қисқаришига олиб келади.
Туман Солиқ инспекцияси томонидан ўтган 2025 йил давомида қўшимча манбаларни аниқлаш, туман маҳаллий бюджет кўрсаткичларини бажаришда, яширин иқтисодиётга барҳам бериш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, янги ташкил этилган юридик шахслар 291 тани ташкил қилиб, уларда яратилган иш ўринлари сон 873 тани ташкил қилади. Шунингдек, 133 та якка тартибдаги тадбиркорлар рўйхатдан ўтиб фаолият юритишни бошлади.
2025 йил давомида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш туман Департаменти ходимлари билан ҳамкорликда яширин иқтисодиётни қисқартириш натижасида 160,9 млрд. сўмлик қўшимча манба аниқланиб, 160,93 млрд. сўмлик қайта ҳисоботлар олинди ва 160,9 млрд. сўм бюджетга ундирилди. Бундан ташқари, 140 та субъектларда келиб тушган мурожаатлар асосида қисқа муддатли текширишлар ўтказилиб, 1,2 млрд сўм молиявий жарима қўлланилган. Белгиланган муддатдан аввал яъни имтиёз даврида тўланган молиявий жарима суммаси 0,4 млрд сўмни ташкил қилди.
2025 йил учун Оҳангарон тумани маҳаллий бюджет режаси 97,9 млрд сўм белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 135,0 млрд сўмга ёки 137,9 фоизга бажарилди. 2025 йил- учун контингент тушуми режаси 55,0 млрд.сўм белгиланган бўлиб ҳақиқатда 55,3 млрд сўмга ёки 100,5 фоизга бажарилди.
2026 йилда асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз қолдирилиши ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкасини 1 фоиз қилиб белгиланиши тадбиркорлик субъектларининг ихтиёрида фойда янада кўпроқ қолиш имконини беради.
Ҳурматли тумандошлар!
Яширин иқтисодиёт тушунчасига назар солсак, бу расмий статистикада акс этмайдиган ва солиқ органларига маълум қилинмайдиган ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо фаолияти ҳисобланади.
Бу туманимизда ҳам қуйидаги кўринишларда учраши мумкин:
- Рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;
- Даромадини яшириб кўрсатиш;
- Конверт усулида иш ҳақи бериш;
- Маблағларнинг банкдан ташқари айланмасига йўл қўйиш;
- Таъқиқланган товарлар савдоси ёки хизматлар кўрсатиш;
- Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарасиз фойдаланиш;
- Фермер хўжаликлари томонидан учинчи шахсга ижарага бериш;
- Буғдойдан кейинги иккинчи ҳосилни яшириш;
- Чорвачилик соҳасида мол бошлари сонини камайтириб ҳисоботда акс эттириш;
- Чорва молларига эга бўлмаган фермер хўжаликлари томонидан ерлардан фойдаланиш;
- Имтиёздан фойдаланиш мақсадида мевали боғларни тез- тез янгилаш ва ҳ.к
Яширин иқтисодиётнинг таъсирида қуйидагиларни кўриш мумкин:
- Туман бюджетига тушум камаяди;
- Туманда расман банд бўлган фуқаролар сони камаяди;
- Эҳтиёжманд аҳолини камбағалликдан чиқариш секинлашади;
- Ишсизлар сони ортади;
- Солиқ юки ҳалол солиқ тўловчилар зиммасига оғирлик тушади;
- Рақобат муҳити бузилади;
- Статистик кўрсаткичлар бузилади;
- Коррупцияга шароит яратиб берилади.
Ҳурматли Президентимизнинг таъбири билан айтганда, “Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид” ҳисобланади.
Ҳурматли туманимиз тадбиркорлари, Сизлардан фаолиятингизни амалга ошириш давомида Ўзбекистон Республикаси Қонунларига амал қилиб, даромадларни яширмасдан, солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда топширишингизни ва солиқларни ўз вақтида тўлашингизни сўраб қоламан. Солиқ тўлашдан бўйин товлаш молиявий тизимга ва давлат бюджетига зарар етказади. Солиқдан қочиш — бу қонунда белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлашдан атайлаб бўйин товлаш, даромадларни яшириш ёки ноқонуний ҳужжатлар орқали солиқ базасини камайтириш ҳисобланади. Бу ҳаракатлар иқтисодий субъект фойдасини ноқонуний оширишга қаратилган бўлиб, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка, шунингдек, молиявий жазо чораларига сабаб бўлади.
Анвар Мўминов, Оҳангарон туман Солиқ инспекцияси бошлиғи. .
