Баҳром Норқобилов: "Ватанга хизмат қилиш фақат қўлда қурол билан эмас, балки билим, тафаккур ва касб маҳорати билан ҳам амалга оширилади"
2026-02-05 12:10:00 / Янгиликлар

Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли Оҳангарон туманидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ўртасида имтиёзли тавсиянома олиш учун тест синовлари ўтказилди. Ушбу тадбир ҳарбий хизматчиларнинг билим ва интеллектуал салоҳиятини баҳолаш, уларни олий таълим муассасаларига киришда қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Тест синовлари бошланишидан олдин Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов ҳарбий хизматчилар билан учрашди. Самимий ва мазмунли мулоқот давомида туман раҳбари ҳарбий хизматчиларни Ватан тинчлиги ва давлат чегараларининг дахлсизлигини таъминлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган фидойи ўғлонлар сифатида эътироф этди. Шунингдек, уларнинг ҳар кунлик хизмати жасорат, қатъият, интизом ва юксак масъулият намунаси эканлигини айтиб ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан яратиб берилаётган шароитлар, имтиёзлар ҳақида алоҳида таъкидлади.
— Ватанга хизмат қилиш фақат қўлда қурол билан эмас, балки билим, тафаккур ва касб маҳорати билан ҳам амалга оширилади. Бугунги тест синовлари эса ана шу мақсад сари қўйилаётган муҳим қадамдир. Барчангизга синовларда муваффақият ва омад тилайман, — деди ўз сўзида туман ҳокими Баҳром Норқобилов.
Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар белгиланган тартибда тест синовларини топширишга киришдилар. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ходимлари томонидан ушбу жараён юқори савияда, шаффоф ва адолатли тарзда ташкил этилди.









