Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ
2026-02-04 19:50:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Азиз тумандошлар!
Барчангизга маълумки, Муҳтарам Президентимиз 2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномани йўлладилар.
Юртбошимизнинг мазкур Мурожаатномаси сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан улкан аҳамиятга эга бўлиб, давлат ҳокимиятининг барча бўғинлари фаолияти учун муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади. Унда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқ фаровонлигини ошириш, жамият ва давлатни глобал иқтисодий мураккаб шароитда ҳам барқарор ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар аниқ белгилаб берилган.
Айниқса, Президентимиз Мурожаатномаси бир йиллик Давлат дастуридан фарқли ўлароқ, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик мақсад ва вазифаларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Шунингдек, ушбу Мурожаатнома бир қатор хусусиятлари билан аввалги Мурожаатномалардан фарқ қилади:
биринчидан, сўнгги тўққиз йилда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар чуқур ва холис таҳлил қилинди;
иккинчидан, 2026 йилга мўлжалланган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат аниқ дастур тақдим этилди;
учинчидан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш ташаббуси илгари сурилди;
тўртинчидан, 2026 йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилинди.
Қадрли тумандошлар!
Туман раҳбари сифатида Сизларга мурожаат қилар эканман, Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган 6 та устувор йўналишдан келиб чиққан ҳолда, 2026 йилда Оҳангарон туманида амалга оширилиши режалаштирилган асосий ишларга қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
1. Маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш йўналишида:
2026 йилда туманда маҳаллалар инфратузилмасини тубдан яхшилаш мақсадида, 31 та маҳаллада 80 км.дан ортиқ узунликдаги ички кўчалар таъмирланади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, 100 км. масофада сув қувурларини тортиш ишлари олиб борилади. Натижада, 958 та хонадон илк маротаба ичимлик суви билан таъминланиб, 1640 та хонадонда таъминот яхшиланади. Шунингдек, жойларда 14 та сув насоси янгиланади. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида эса маҳаллаларда 6 та трансформатор, 1600 та темир-бетон таянчлар ўрнатилиб, 40 км. узунликдаги электр симларини тортиш ишлари олиб борилади.
Бундан ташқари, “Эйвалек” ва “Қуюн” маҳаллаларига Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш учун 10 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган.
Туманда “оғир” тоифали деб танлаб олинган “Қорахитой”, “Алишер”, “Убайд” ва “Шодмалик” маҳаллалари инфратузилмасини ривожлантиришга 2 млрд. сўмдан маблағ ажратилади.
2026 йилда “Ташаббусли бюджет”нинг икки мавсумида ғолиб деб топилган лойиҳаларга жами 23 млрд сўм маблағ ажратилади.
Шунингдек, 2026 йил инвестиция дастурига мувофиқ, 18 та лойиҳа доирасида 191 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилади. Шу билан бирга, олис тоғли ҳудуд ҳисобланган “Овжазсой” маҳалласида янги мактабгача таълим ташкилоти биноси ва спорт комплекси бунёд этилади.
2. Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш йўналишида:
2026 йилда 6 та лойиҳа доирасида 250 млн. доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши ҳамда 853 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Инновацион ишлаб чиқариш ҳажмини 12 фоизга ошириш асосий мақсадлардан этиб белгиланган бўлиб, бу борада жорий йилда 15 та инновацион лойиҳа амалга ошрилади. Ушбу йўналишда туманимизнинг “Ғаллақудуқ” маҳалласида инновацион кластер ташкил этилиб, унинг доирасида 10 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилади ва натижада 100 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Бу борада туманимизнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари, хусусан, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 12,8 трлн. сўм, хизмат кўрсатиш ҳажми қарийб 1 трлн. сўм, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2,2 трлн. сўм, қурилиш йўналишида эса 1,1 трлн сўмга етказилиши режалаштирилган.
3. Ички бозорда талабни рағбатлантириш йўналишида:
Аҳолининг харид қобилиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотлар улушини кенгайтириш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишларимизни белгиланган режа асосида давом эттирамиз. Бу борада 30 та тадбиркорлик субъектини қўллаб-қувватлаш орқали, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматларни ички бозорга йўналтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг ғаллачилик, полизчилик, боғдорчилик, чорвачилик лойиҳалари асосида ҳамда аҳоли томорқаларидан самарали ва кенгроқ фойдаланишни ривожлантириш орқали ички бозорларни сифатли, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, озиқ-овқат хавфсизлигини, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Жумладан, жорий йилда 47 000 тонна ғалла, 420 000 тонна мева маҳсулотлари, 64 600 тонна полиз маҳсулотлари, 17 600 тонна гўшт, 64 900 тонна сут ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Шунингдек, маҳаллаларни муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштириш борасидаги ишлар давом эттирилади.
4. Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш йўналишида:
Туманда 2026 йил якунига қадар 3078 нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланади, 14 065 нафар аҳолининг даромадлари оширилиб, 4025 нафар аҳолининг норасмий бандлиги легаллаштирилиши кўзда тутилган.
Жумладан, ҳозирги кунда ишсиз ёшлар сони 324 нафарни ташкил этиб, 2026 йилда улардан 252 нафарини доимий иш билан таъминлаш, 37 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш, 25 нафарига ер ажратиш, 8 нафарини ташқи меҳнат миграциясига жалб этиш ва 2 нафарига субсидия ажратиш орқали бандлиги таъминланади.
Шунингдек, жорий йилда 650 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиб, 250 нафар аёллар касб-ҳунарга ўқитилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, тумандаги мавжуд 2 та техникумда касб-ҳунарга ўқитиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, дуал таълим услубини кенгайтириш орқали касбларни ривожлантириш чоралари кўрилади.
Меҳнат бозорида жами 21 168 та (хусусан, инвестицион лойиҳалар доирасида 2232 та, қишлоқ хўжалигида 4133 та, хизмат кўрсатиш ва сервис лойиҳалари доирасида 13827 та ва қурилиш соҳасида 976 та) янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
5. Экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш йўналишида:
Бу йил ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари ўтқазиш ишлари давом эттирилади. Жумладан, туманимиз ҳудудида жорий йилда 1,4 млн дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш ишлари режалаштирилган.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш йўналишида туманда 2600 кВт. қувватга эга бўлган қуёш панеллари ўрнатилади.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш борасида 2026 йилда жами 1500 гектар ер майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этилади. Жами 106,4 км. узунликдаги ички ариқларни бетонлаштириш ишлари амалга оширилади (шундан 100 км. фермер хўжаликларида, 6,4 км. маҳаллаларда).
6. Замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш йўналишида:
Оҳангарон туманида замонавий давлат бошқарувини жорий этиш ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш йўналишида 2026 йилда аниқ мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинган. Мазкур ишлар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Жумладан, давлат бошқарувини рақамлаштириш доирасида туман ҳокимлиги ва унга қарашли ташкилотларда давлат хизматларининг камида 90 фоизини электрон шаклга ўтказиш режалаштирилган. Шу орқали аҳоли ва тадбиркорлар учун хизмат кўрсатиш муддатлари ўртача 50 фоизга қисқартирилади. Давлат хизматлари маркази орқали 2026 йил давомида туман аҳолисига 100 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилиши кўзда тутилмоқда.
Аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш мақсадида, туман ҳокимлиги томонидан йил давомида камида 12 та очиқ мулоқот, 31 та сайёр қабул ўтказиш режалаштирилган.
Адолатли суд-ҳуқуқ тизимини таъминлаш йўналишида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, маҳаллаларда 100 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ҳуқуқий семинар ва тренинглар ўтказиш режалаштирилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда қонунийликни таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича барча маҳаллаларда профилактик тадбирлар ўтказилади.
Ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида, туман ҳокимлигида ижро ҳужжатларини назорат қилишнинг электрон тизими такомиллаштирилиб, муддатида бажарилган топшириқлар улушини 100 фоизга етказиш режалаштирилган.
Ҳурматли тумандошлар!
Белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва энг аввало, Сиз – фаол фуқароларнинг ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали Оҳангарон туманини янада обод, тараққий этган ва фаровон ҳудудга – Янги Ўзбекистон қиёфаси акс этган маконга айлантирамиз.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, тинчлик-осойишталик ва оилавий фаровонлик тилайман!
Баҳром НОРҚОБИЛОВ, Оҳангарон тумани ҳокими.
