Ажримлар – жамият жароҳати
2026-02-03 10:35:00 / Янгиликлар

Шунга қарамай, ажримлар сони камайиш ўрнига тобора ортиб бораётгани ачинарли ҳол. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2025-йил давомида туманимиздаги ФҲДЁ бўлимида 104 та ажрашган оила қайд этилган. Йил бошидан буён низоли ҳолатдаги оилалар сони 282 нафарни ташкил этган бўлса, турли идора ва ташкилотларнинг ҳамкорлиги натижасида 127 та оила яраштирилган. Яна 52 та оилага яраштирув комиссиялари орқали муҳлат берилган.
Ажримларнинг асосий сабаблари –турли-туман: характерларнинг тўғри келмаслиги, молиявий таъминламаслик, хиёнат, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, учинчи шахсларнинг аралашуви, оилавий келишмовчиликлар, фарзандсизлик каби омиллардир. Аслида, бир оиланинг бузилиши нафақат эр-хотин, балки икки томондаги ота-оналар, қариндош-уруғлар учун ҳам катта фожиадир. Тўйга кетган харажатлар, ота-оналарнинг узоқ юртларда меҳнат қилиб топган маблағлари, соғлиғидан кечиб фарзандини бахтли қилиш йўлидаги фидойилиги, буларнинг барчаси бир лаҳзада йўққа чиқаётгандек бўлади. Энг алам қиладигани, ёш оилаларнинг мослашиб кетиши учун катталар томонидан етарлича қўллаб-қувватлаш йўқлиги ҳам айрим ҳолларда ажримларга сабаб бўлмоқда.
Туманимизда Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан ҳафтанинг чоршанба куни оилавий низолар билан ишлаш куни этиб белгиланган. Шу куни барча маҳаллаларда ҳамда туман яраштирув комиссиясида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан манзилли ишлар олиб борилади. Эр-хотинлар, уларнинг ота-оналари, келинойилар иштирокида суҳбатлар ўтказилиб, комиссия аъзолари томонидан панд-насиҳатлар берилади. Имомлар, отинойилар, нуронийлар томонидан ҳадислар, оятлар ва ибратли воқеалар мисол қилиб келтирилади. Афсуски, барча оилалар ҳам бир-бирини кечиришга, узилган ришталарни қайта боғлашга журъат топа олмаяпти. Ҳатто уч-тўрт нафар фарзанд билан ажрашаётган оилалар сони ҳам ортиб бормоқда. Кўпинча такаббурлик, масъулиятдан қочиш, оилани иқтисодий жиҳатдан таъминламаслик, ота-оналик бурчини ҳис қилмаслик – буларнинг бари оила дарз кетишига олиб келмоқда. Айрим ҳолатларда қайноналар билан келинлар ўртасидаги келишмовчиликлар, турмушидан қайтиб келган опа-сингиллар аралашуви ҳам низоларни кучайтирмоқда. Келин мослашиб кетиши учун соғлом муҳит яратиш ўрнига, уни ҳайдашга мойиллик қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Шуниси қувонарлики, ярашиб кетаётган оилалар орасида муҳаббат сақланиб қолганлари кўп. Улар биргаликда ҳаракат қилса, барча синовларни енгиб ўтиб, мустаҳкам оила барпо этишга қодир.
Сўнгги пайтларда айрим келинлар томонидан “менга эътибор бермайди”, “совға қилмайди”, “кўнглимга қарамайди” каби эътирозлар билдирилмоқда. Аслида эса келин оила аъзоларининг кўнглига йўл топиб, шу хонадоннинг суюкли келинига айланишга интилиши керак. Бу қадриятлар оналаримиз ва бувиларимиз ҳаётида сабр-тоқат билан синалган, натижада улар меҳрибон она, суюкли буви, ибратли оила вакиласи мақомига эришган. Бугун эса айрим ёшлар орасида “оила илми”, муқаддас оила қуриш, эр-хотин бўлиб орзу-мақсадларга биргаликда етишиш каби тушунчалар сусайиб бораётгандек. Муносабатлар фақат дабдабали тўйлар, қимматбаҳо совғалар ва кўз-кўз қилиш билангина ўлчанаётгандек таассурот уйғотмоқда. Энг ачинарлиси, оила илми фарзандларга ота-оналар томонидан етарлича ўргатилмаяпти. Ота-она ва фарзандлар ўртасидаги мулоқот камайган. Дастурхон атрофида буви-боболарнинг панд-насиҳатлари эшитилмаяпти. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бежиз эмас, жанжал муҳитида улғайган фарзандлар айни ҳолатни ўз оиласида такрорламоқда.
Оила жамиятнинг энг муҳим таянчи. Уни асраш фақат бир идоранинг эмас, балки барчамизнинг умумий масъулиятимиздир. Ҳар бир ота-она, ҳар бир ёш, ҳар бир маҳалла фаоли оиланинг муқаддаслигини англаб, сабр, меҳр ва масъулият билан ёндашса, ажримлар камайиб, мустаҳкам ва бахтли оилалар сафи кенгаяди.
Ҳурматли туманимиз аҳолиси, бу борада сизнинг фикр-мулоҳазаларингиз биз учун муҳим. Келинг, биргаликда оилаларимизни асрайлик!
Севара ДEҲҚОНОВА, туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.
