ФУҚАРОЛАР МАСЪУЛИЯТЛИ БЎЛГАН ЖАМИЯТДА ЖИНОЯТЧИЛИК БЎЛМАЙДИ!
2026-02-02 09:10:00 / Янгиликлар

Ҳурматли туманимиз аҳолиси!
Муҳтарам Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Жиноятчиликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, ўтказилаётган тадбирлар жамоатчилик билан ҳамкорликда янада мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, фуқароларимиз орасида қонунларга ҳурмат туйғусини ошириш, ушбу масалани ўзларининг асосий бурч ва масъулияти сифатида қарашга ўргатиш бугунги кундаги долзарб вазифаларимиздан бири саналади. Шу ўринда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан фақатгина жазо чораларини қўллаш билангина эмас, балки кенг жамоатчилик орасида профилактик тадбирлар, тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш орқали ҳам ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда.
Азиз тумандошлар!
Президентимиз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар. Ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш лозимлигини таъкидлаб, бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш зарур бўлмоқда.
Айни пайтда маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик институтлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг кўламли профилактик тадбирлар натижаси ўлароқ ҳар бир фуқарода жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этмасликка нисбатан ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият шаклланиб бормоқда.
“Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак", деган туйғуни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар онгида шакллантириш, бефарқлик, лоқайдликка барҳам бериш, пировардида, ҳар бир оила, таълим муассасаси, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг муҳим шарти экани таъкидланиб келинмоқда.
Туманимиз аҳолисининг сезиларли қисмини ёшлар ташкил этишини эътиборга олган ҳолда ёшлар томонидан, айниқса вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган жиноятларни олдини олиш устувор вазифамиз ҳисобланади ва бу соҳада ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, ёш авлод тарбиясига ҳам ғоят катта эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқдир ва жиноятчиликнинг олдини олиш биринчи навбатда оиладан бошланишини алоҳида таъкидлаш жоиздир.
Қўйилган барча вазифаларнинг негизи бўлиб, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатларини сўзсиз таъминлаш, қонун ҳамда адолат устуворлигини қарор топтириш ҳисобланади. Шу боис биздан ушбу масъулиятли вазифаларни бажариш учун ўз ваколатларимиз, билимимиз, тажрибамиз ва бор имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этиш, бунда асосий эътиборни ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ҳамда олдини олишга қаратиш ва бу борада бир қанча вазифаларни амалга ошириш, ҳуқуқий механизмни ҳам такомиллаштириш талаб этилади.
Биз, прокуратура органлари туманимизда соғлом ҳуқуқий муҳитни яратиш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида, доим халқ билан бирга ҳаракат қиламиз. Агар сиз ёки яқинларингиз шубҳали ҳолатларга дуч келсангиз, бефарқ бўлманг! Зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг! Ҳар бирингизнинг фаол ва масъулиятли иштирокингиз барчамизнинг хавфсиз ҳаётимиз учун мустаҳкам замин яратади.
Шуни унутмангки, фуқаролари масъулиятли ва жамоавий ҳамжиҳатлик устувор бўлган жойда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга ўрин бўлмайди!
Фахриддин МИРЗАЕВ, Оҳангарон тумани прокурори.
