Баҳром Норқобилов: "Масъулият ва шахсий намуна – самарадорликнинг бош мезони"
2026-02-02 11:30:00 / Янгиликлар

Дастлаб, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, мавжуд камчиликлар кескин танқид остига олинди. Хусусан, фермер хўжаликларида яширин иқтисодиётга барҳам бериш, янги иш ўринларини яратиш, солиқдан қочиш ҳолатларини бартараф этиш, молиявий ҳисоботларда даромадларни реал кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.
Шунингдек, туманда чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилди. Чорвачиликка ихтисослашган фермер ва тадбиркорларнинг тижорат банклари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, соҳага илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича дастлабки босқич — онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнлари якунлари таҳлил қилинди. Ушбу жараёнда жонбозлик кўрсатган масъуллар рағбатлантирилиши қайд этилган бўлса, сусткашликка йўл қўйган ходимлар огоҳлантирилди ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш вазифаси қўйилди.
Туманда статистика соҳасида мавжуд камчиликлар ҳам йиғилиш давомида танқидий муҳокама қилинди. Ушбу йўналишга малакали мутахассисларни жалб этиш, мавжуд кўрсаткичларни реал баҳолаш ҳамда шу асосда туманнинг келгусидаги ривожланиш стратегиясини белгилаш муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, туманнинг инвестицион ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш вазифалари белгилаб берилди.
Йиғилишда туман ҳокимлиги томонидан тайёрланаётган ҳужжатларга ҳуқуқий хулоса бериш ишларининг сифати, шунингдек, бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши масалалари ҳам муҳокама қилиниб, ушбу йўналишларда назоратни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, “Тоза ҳудуд” корхонаси фаолияти "қониқарсиз" деб баҳоланиб, жойларда маиший чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаётгани юзасидан фуқаролар томонидан кўплаб шикоятлар келиб тушаётгани таъкидланди. Масъулларга ушбу муаммони бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўриш топширилди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида, шунингдек, барча соҳаларга бағишланган видеоселектор йиғилишларида белгиланган вазифаларнинг тумандаги ижросини таъминлашга қаратилган қарорлар қабул қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, жойларда кутубхоналар ташкил этиш, маънавий-маърифий тадбирларни кучайтириш, спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиш, аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, меҳнат жамоаларида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда “оғир” тоифали маҳаллалар бўйича белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида бажариш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Йиғилиш якунида танқидий-таҳлилий кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан тегишли масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, вазифалар ижросида ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулияти ва намуна кўрсатиши энг муҳим мезон экани алоҳида таъкидланди.





