Туман ҳокими ғишт заводи фаолияти билан танишди
2026-01-21 15:35:00 / Янгиликлар

Ташриф давомида туман раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари, корхона қуввати, иш ҳажми ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланиш масалалари билан қизиқди. Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати, унинг ички ва ташқи бозорларда реализация қилиниши, келгусида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имкониятлари юзасидан атрофлича маълумот олди.
Корхона раҳбари билан бўлган ўзаро дўстона мулоқот чоғида бу ерда яратилган иш ўринлари, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат шароитлари ҳамда ишчилар учун яратилган ижтимоий қулайликлар хусусида сўз юритилди. Қайд этилишича, завод фаолияти маҳаллада бандликни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туман ҳокими ўз навбатида, корхона атроф-муҳитини ободонлаштириш, ҳудудни чиқиндилардан тозалаш, санитария ҳолатини яхшилаш, шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат ўтқазиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш ишларини тизимли равишда ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. У бу каби ишлар нафақат экологик барқарорликни таъминлаш, балки корхона имиджини янада юксалтиришга хизмат қилишини қайд этди.
Ўз навбатида, хитойлик ҳамкор мазкур таклифларни қўллаб-қувватлаб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига бефарқ бўлмаслигини, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида доимий чоралар кўриб боришини маълум қилди. Шунингдек, у туман ҳокимлиги билан яқин, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар келгусида ҳамкорликни кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этиш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.


