Туман ҳокими корейс компанияси вакилларини қабул қилди
2026-01-21 18:20:00 / Янгиликлар

Инвесторларнинг маълум қилишича, Оҳангарон тумани ҳудудида дарахт ва манзарали ўсимликлар етиштириш, кўчатлар етказиш, яшил ҳимоя камари яратиш ҳамда экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш нияти бор. Ушбу жараёнларга инновацион технологиялар жалб қилинади ва сув тежамкорлиги шароитида кўчатлар етиштириш йўлга қўйилади.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида атмосфера ҳавоси ва автомобиль йўли бўйи санитар-экологик ҳолат яхшиланади, чанг ва шовқин таъсири камаяди, аҳоли учун соғлом ва барқарор экологик муҳит яратилади. Шунингдек, янги иш ўринлари ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
Компания вакиллари, шунингдек, Ўзбекистондаги биринчи офиснинг айнан Оҳангарон туманида очилишини ва лойиҳани кейинчалик оммалаштиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб, туман ҳудудидан ер ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрашди.
Туман ҳокими Баҳром Норқобилов ушбу ташаббуснинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, инвесторларга лойиҳани амалга оширишда ҳар томонлама кўмак берилишини маълум қилди. Шунингдек, учрашув давомида музокараларни кейинчалик ҳам давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу ҳамкорлик нафақат экологик муҳитни яхшилаш, балки туманда янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудни ободонлаштиришга ҳам хизмат қилади.


