“Санам” маҳалласига Филиппиндан инглиз тили ўқитувчиси келди
2026-01-14 13:15:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа доирасида туманнинг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган таълим муассасаларига ҳам малакали хорижий тил ўқитувчиларини жалб этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса қишлоқ жойларда таълим сифатини ошириш, ўқувчилар учун тенг имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Оҳангарон тумани “Санам” маҳалласида жойлашган 33-сонли умумтаълим мактабига Филиппин давлатидан тажрибали ва маҳоратли инглиз тили ўқитувчиси Элиза Ҳермосо жалб этилди. Ушбу ўқитувчи томонидан ўтказилаётган машғулотлар замонавий услублар, интерактив методлар ҳамда халқаро таълим стандартларига асосланган ҳолда ташкил этилмоқда.
Дарслар жараёнида ўқувчиларнинг сўзлашув қобилиятини ривожлантириш, тинглаб тушуниш, ёзиш ва ўқиш кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ўқувчиларни эркин мулоқот қилишга ўргатиш, ўз фикрини инглиз тилида равон баён этишга ундаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Мазкур ташаббус ўқувчиларнинг халқаро тил сертификатларини қўлга киритиш, чет эл олий таълим муассасаларига кириш ва глобал билимлар билан танишиш имкониятларини янада кенгайтиради. Бу эса уларнинг келажакда рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишига мустаҳкам пойдевор яратади.




