Ҳарбий қисмда байрам тадбири бўлиб ўтди
2026-01-14 13:05:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбирда туман ҳокимлиги вакиллари, ҳарбий хизматчилар, уларнинг ота-оналари, фахрийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Байрам тадбири Ўзбекистон давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланди.
Тантанада туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Ғанишер Наврўзов сўзга чиқиб, Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ҳамда уларнинг ота-оналарига йўллаган байрам табригини тантанали равишда ўқиб эшиттирди. Табрикда Ватан ҳимоячиларининг фидокорона хизматлари, тинчлик ва осойишталикни таъминлашдаги ўрни, шунингдек, юрт равнақи йўлидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, ҳарбий қисм командири Миршоҳид Саҳобов сўз олиб, барча ҳарбий хизматчиларни, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрийларни улуғ сана билан самимий табриклади. У ўз нутқида ҳарбийларнинг бурчга садоқатлилиги, жасорат ва матонати, юксак интизоми мамлакат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида хизмат фаолиятида фаоллик кўрсатиб, юксак натижаларга эришган бир қатор ҳарбий хизматчилар раҳбарият томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, бир неча ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар тантанали равишда топширилди.
Бундан ташқари, тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига ҳам алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, уларга байрам совғалари тақдим этилди. Бу эса фарзандларининг Ватан олдидаги шарафли хизматини қадрлаш, ота-оналар меҳнатига ҳурмат ифодаси сифатида эътироф этилди.
Тантанали тадбир туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди. Ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар, мусиқий чиқишлар тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.









