"Қизилой" маҳалласида томорқачиликни ривожлантириш бўйича амалий семинар ташкил этилди
2026-01-12 17:15:00 / Янгиликлар

Мазкур мақсадда бугун туманнинг “Қизилой” маҳалласи, Нурафшон кўчаси 39-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Қаҳрамон Сайфитдинов хонадонида “Аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали уларнинг даромадларини ошириш” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари, Республика ишчи гуруҳи, маҳаллалар “еттилиги” аъзолари, тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари, фуқаролар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Семинар давомида Тошкент давлат аграр университетининг бир қатор олим ва мутахассислари томорқачиликни ривожлантириш, бир мавсумда 2–3 марта ҳосил олиш имкониятлари, юқори ҳосилдорликка эришиш усуллари бўйича маърузалар қилишди.
Шунингдек, томорқа ерларида ва иссиқхоналарда сабзавотлар етиштириш, мева ва турли ўсимликлардан сифатли ва серҳосил натижа олишда агротехник тадбирларнинг ўрни, иссиқхоналарда цитрус мевали ўсимликларни парваришлаш технологияси, сабзавот ва полиз экинларида учрайдиган касалликлар ҳамда уларга қарши курашиш чоралари каби долзарб мавзулар юзасидан мутахассисларнинг амалий тавсиялари эшитилди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита соҳа мутахассисларидан жавоблар олишди. Шу билан бирга, тадбирда хонадон эгаси Қаҳрамон Сайфитдиновнинг томорқачилик соҳасида эришган ютуқлари, самарали тажрибаси иштирокчиларга намуна сифатида кўрсатилди.
Мутасаддилар томонидан бундай семинарлар аҳолининг ердан унумли фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, қўшимча даромад манбаларини яратиш, оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.






