Оҳангарон туманида "Ватан ҳимоячилари куни"га бағишланган “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди
2026-01-12 12:50:00 / Янгиликлар

Тадбирда туман мактабларидан келган ўқувчилар иштирок этиб, чегарачиларнинг кундалик хизмат фаолияти, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишдаги масъулиятли вазифалари ҳақида батафсил маълумот олдилар. Уларнинг диққатига ҳарбий қисмдаги мавжуд қурол-аслаҳалар, махсус техника ва замонавий жиҳозлар намойиш этилди. Ҳарбий хизматчилар томонидан ушбу техникалардан фойдаланиш тартиби, хавфсизлик қоидалари ва жанговар тайёргарлик машғулотлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, тадбир давомида ҳарбийлар томонидан тайёрланган жанговар саҳналар, тезкор ҳаракатлар ва махсус тактик чиқишлар намойиш этилди. Айниқса, хизмат итлари иштирокида кўрсатилган намунали чиқишлар мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотиб, уларда унутилмас таассурот қолдирди.
Тадбирда туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Ғанишер Наврўзов, умумтаълим мактабларининг ЧҚБТ раҳбарлари, туман Ёшлар ишлари бўлими, Маънавият ва марифат маркази туман бўлинмаси, мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Улар ёшларга мурожаат қилиб, Ватанга садоқат, тинчлик ва осойишталикни асраш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини таъкидладилар.
Тадбир якунида ўқувчилар ҳарбий хизматчилар билан яқиндан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.








