Беларусь элчиси Оҳангарон туманига ташриф буюрди
2026-01-09 14:55:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида элчига туманда жорий этилаётган мавжуд инвестисия лойиҳалари, уларнинг иқтисодий самараси, ишлаб чиқариш қувватлари, яратилаётган янги иш ўринлари ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, саноат ва хизматлар соҳасидаги режалар ҳақида фикр алмашилди.
Мухтор элчи юртимизда инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, ер ажратиш, инфратузилма билан таъминлаш ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чораларини юксак баҳолади. У мазкур ислоҳотлар хорижий инвесторлар учун жозибадор эканини таъкидлаб, Беларусь Республикасидаги бизнес доира вакиллари ва тадбиркорларга ҳам ушбу имкониятлар ҳақида кенг маълумот беришини билдирди.
Ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, технологик тажриба алмашиш ҳамда иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Беларус компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириб келишида “ Eltech Industrial” технопарки имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари ҳамда Оҳангарон тумани ҳокимининг ўринбосари Сардор Усмонов иштирок этди.
Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.




