"Хавфсиз хонадон" ойлиги давом этмоқда
2026-01-06 10:40:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан, бугун Оҳангарон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ташаббуси билан тумандаги маҳалла раислари, шунингдек, тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари иштирокида махсус учрашув ўтказилди. Учрашувда “Хавфсиз хонадон” ойлиги давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар, масъулларга юклатилган вазифалар ҳамда ҳамкорликда иш олиб бориш тартиби юзасидан атрофлича инструкция берилди.
Тадбир давомида ис гази билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари, уларнинг олдини олиш чоралари, хонадонларда газ ва иситиш жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш, хонадонларни кўрикдан ўтказиш, хавф омилларини барвақт аниқлаш ҳамда камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда маҳалла раислари ва ташкилот вакилларига ойлик давомида ҳар бир маҳаллада манзилли профилактик тадбирлар ўтказиш, аҳолини хавфсизлик қоидалари бўйича доимий хабардор этиб бориш, шунингдек, фавқулодда ҳолатлар юзага келганда тезкор ҳаракат қилиш механизмлари юзасидан тушунчалар берилди.
Мазкур “Хавфсиз хонадон” ойлиги аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, фуқароларда хавфсизлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли ҳисобланади.




