Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобиловнинг Янги йил табриги
2025-12-31 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Янги йил – эзгу ниятлар, юксак мақсадлар ва янги ютуқлар сари ишонч билан қадам қўядиган байрамдир. Бу шукуҳли онларда ҳар бир хонадонга қувонч, файз-барака, тинчлик ва осойишталик тилайман.
Ўтиб бораётган 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб эълон қилингани бежиз эмас. Ушбу йўналишда Оҳангарон туманида ҳам кенг кўламли, амалий ишлар олиб борилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик маданиятни ошириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт экиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, “яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий соҳа, таълим, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик ва бандлик йўналишларида салмоқли натижаларга эришилди. Маҳаллалар обод қилиниб, йўллар, ижтимоий объектлар, спорт ва маданий масканлар барпо этилди ёки таъмирланди.
Албатта, бу ютуқлар туманимизда меҳнат қилаётган фидойи ишчи-ходимлар, зиёлилар, тадбиркорлар, нуронийлар, фаол ёшлар ва бутун жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлиги, саъй-ҳаракатлари натижасидир.
Азиз тумандошлар!
Барчангизга маълумки, Муҳтарам Юртбошимиз Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида кириб келаётган 2026 йилни юртимизда "Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили", деб эълон қилди. Бунда жуда катта мазмун-моҳият мужассам. Зеро, маҳалла обод бўлса, юрт фаровон бўлади, маҳалла ривожланса, мамлакат тараққий этади. Юртбошимиз келгуси йилда барча соҳаларда амалга ошириладиган ислоҳотлар ва вазифаларни аниқ белгилаб бердилар. Ушбу халқчил ислоҳотларнинг таг-замирида яна бир бор инсон қадри, инсон манфаатлари устувор эканлигини кўришимиз мумкин.
Ўйлайманки, кириб келаётган Янги йилда ҳам олдимизга қўйилган улуғ мақсадларимизни биргаликда амалга ошириш, туманимизни янада обод ва фаровон масканга айлантириш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўз ҳиссамизни қўшамиз деб ишонаман.
Янги 2026 йил ҳар бир оилага соғлик, хотиржамлик, қут-барака, фарзандларимизга омад ва камолот олиб келсин. Юртимиз осмони доимо мусаффо, ҳаётимиз тинч ва фаровон бўлсин!
Яна бир бор сиз азизларни Янги йил билан табриклайман! Янги йил муборак бўлсин!
Ҳурмат билан, Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов.
