Патронаж доялар фаолияти — оналик ва болалик саломатлиги кафолати
2025-12-25 10:35:00 / Янгиликлар

Тадбир давомида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, эрта ташхис қўйиш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда патронаж дояларнинг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкидланди. Патронаж хизмати орқали ҳомиладор аёллар, янги туғилган чақалоқлар ва ёш болаларнинг саломатлигини мунтазам назорат қилиш, хавфли ҳолатларни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.
Тадбир доирасида “Патронаж доя — аёл саломатлиги” кўрик-танлови иштирокчиларини тақдирлаш маросими ҳам ташкил этилди. Унда патронаж хизматининг турли йўналишларида фаоллик кўрсатган доялар 10 дан ортиқ номинациялар бўйича муносиб тақдирланди. Жумладан, “Энг яхши патронаж доя”, “Энг намунали соғлом оила хонаси патронаж дояси”, “Энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси”, “Она сутининг энг фаол тарғиботчиси”, “Оғир ҳолатда зудлик билан тўғри қарор қабул қилган патронаж доя” каби номинациялар ғолиблари эълон қилинди.
Қувонарлиси, тақдирланганлар орасида Оҳангарон тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли 37-сонли оилавий поликлиникада фаолият юритаётган патронаж доя Нодира Аҳмедова ҳам бор. У ўзининг масъулиятли меҳнати, аҳоли билан самарали мулоқоти ва касбига садоқати билан ажралиб, “Энг яхши патронаж доя” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.
Мазкур ютуқ муносабати билан Оҳангарон тумани Тиббиёт бирлашмаси жамоасида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда бирлашма бошлиғи Жавлон Кадиров томонидан Нодира Аҳмедовага ташаккурнома ва қимматбаҳо совға топширилиб, унинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўлидаги фидокорона меҳнати юксак эътироф этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бундай эътирофлар патронаж дояларнинг меҳнатини рағбатлантириш, уларнинг масъулиятини янада ошириш ҳамда соҳада соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қилишини таъкидлади.


