Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамли имкониятлар кенгаймоқда
2025-12-25 10:30:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил давом этмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жойлардаги тиббиёт муассасаларини замонавий техник воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил декабрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ўртасида 2022–2025 йилларга мўлжалланган, қиймати 102,5 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ҳамкорлик “Йўл харитаси” имзоланган эди. Ушбу ҳужжат соғлиқни сақлаш соҳасида, айниқса, миллий иммунизация тизимини мустаҳкамлаш, болалар ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, тиббий хизматларни рақамлаштириш каби йўналишларда муҳим дастурларни амалга оширишни назарда тутади.
Бугун мазкур ҳамкорлик доирасида навбатдаги амалий қадам ташланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Оҳангарон туман Тиббиёт бирлашмасига 40 та замонавий компьютер жамланмаси ҳамда 59 дона планшет тақдим этилди. Ушбу техника воситалари тиббиёт муассасаларида ахборот тизимларини жорий этиш, тиббий ҳужжатларни электрон шаклда юритиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
Оҳангарон туман Тиббиёт бирлашмаси жамоаси мазкур қўллаб-қувватлашни катта мамнуният билан қабул қилди. Тақдим этилган техник жиҳозлар шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг иш самарадорлигини ошириш, беморларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга хизмат қилиши таъкидланди.







