Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов 17-мактабдаги "Жасорат синфи" фаолияти билан танишди
2025-12-24 18:50:00 / Янгиликлар
✅Туман ҳокими Баҳром Норқобилов “Ёнариқ” маҳалласида бўлиб, Ақча қишлоғида жойлашган 17-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Жасорат синфи” фаолияти билан яқиндан танишди.
✅Ташриф чоғида туман раҳбари, аввало, “Жасорат синфи”да ўтказилаётган машғулотлар мазмуни, ўқув жараёни ва тарбиявий йўналишлар билан қизиқди. Ушбу синфда ўқувчиларга ҳарбий-амалий билимлар, жисмоний тайёргарлик, интизом ва жамоада ишлаш кўникмалари ўргатилаётгани таъкидланди. Бундай ташаббуслар ёшларни ватанга муҳаббат, жасорат ва масъулият руҳида камол топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
✅Учрашув давомида туман ҳокими мактаб ўқувчилари билан бевосита суҳбатлашиб, уларнинг қизиқишлари, келажак режалари ва орзу-интилишлари билан қизиқди. Ёшлар ўз фикр ва таклифларини очиқ баён этиб, таълим-тарбия жараёнини янада бойитишга оид ғоялари билан ўртоқлашди. Туман раҳбари эса ҳар бир ўқувчининг интилиши ва фаоллиги қўллаб-қувватланишини, бундай “Жасорат синфи”лари ёшларни ҳаётга тайёрлашда муҳим мактаб эканини таъкидлади.
✅Ташриф давомида мактаб маъмурияти томонидан мавжуд бир қатор муаммолар туман раҳбари эътиборига ҳавола этилди. Хусусан, таълим жараёнида фойдаланилаётган айрим жиҳозларнинг эскиргани, “Жасорат синфи” машғулотларини сифатли ташкил этиш учун қўшимча ва кенгроқ хоналарга эҳтиёж мавжудлиги билдирилди.
✅Туман ҳокими мазкур мурожаатларни диққат билан тинглаб, уларни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли масъулларга аниқ кўрсатмалар берди. Мактабда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, зарур жиҳозларни янгилаш ҳамда “Жасорат синфи” учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгиланди.
