Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов “Илғор” маҳалласида бўлди
2025-12-24 18:35:00 / Янгиликлар
Учрашув давомида маҳаллада жорий йилда амалга оширилган ишлар, ижтимоий-иқтисодий соҳада эришилган натижалар, шунингдек, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ташаббуслар юзасидан батафсил тақдимот намойиш этилди. Тақдимотда маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, ички йўллар таъмири, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини бандликка жалб этиш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар алоҳида қайд этилди.
Туман ҳокими Баҳром Норқобилов тақдимот билан танишар экан, маҳалланинг келгусидаги ривожланиш режаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, янги иш ўринлари яратиш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, маҳаллада ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида маҳалла “еттилиги” аъзолари томонидан жойларда учраётган айрим муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Туман раҳбари билдирилган ҳар бир масала бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар бериб, маҳаллада “инсон манфаати — энг устувор” тамойили асосида иш олиб бориш зарурлигини таъкидлади.
Мазкур учрашув маҳаллаларда давлатимиз раҳбарининг “маҳалла — жамиятнинг таянчи” деган ғоясини амалда таъминлаш, жойлардаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва аҳоли билан очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлаш борасида муҳим аҳамият касб этди.
