Баҳром Норқобилов хитойлик ҳамкорлар билан учрашди
2025-12-23 16:15:00 / Янгиликлар

Жумладан, Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов “Toshkent Conch Cement” МЧЖ хорижий корхонасининг маҳсулот реализацияси бўйича Бош директори Ли Цянь билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида корхонанинг жорий фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулот реализацияси ва экспорт ҳажмлари, шунингдек, туман ҳокимлиги билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзаро мулоқот чоғида хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистонда, хусусан, Оҳангарон туманида хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай инвестиция муҳити, қонунчиликдаги имтиёзлар ва амалий қўллаб-қувватлаш механизмларини юқори баҳолади. Шунингдек, туман ҳокимлиги билан ҳамкорлик алоқаларини келгусида янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Ўз навбатида, туман ҳокими Баҳром Норқобилов Оҳангарон туманининг инвестицион жозибадорлиги йилдан-йилга ортиб бораётганини, бу борада маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар билан ўзаро ишончли ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланаётганини таъкидлади. Шунингдек, туман ҳокимлиги икки томонлама ҳамкорликдан мамнун эканлигини билдириб, инвесторлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам устувор вазифа бўлиб қолишини қайд этди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Toshkent Conch Cement” МЧЖ хорижий корхонаси Оҳангарон туманининг “Қизилой” маҳалласи ҳудудида жойлашган бўлиб, лойиҳа қиймати 200 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Йилига 2 миллион тонна цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган мазкур корхона фаолияти натижасида 300 та янги иш ўрни яратилган. Ушбу лойиҳа туман саноат салоҳиятини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.



