Ёшлар билан очиқ мулоқот — келажакка ишончли қадам
2025-12-23 13:45:00 / Янгиликлар

Учрашувни очиб берган туман ҳокими Баҳром Норқобилов ўз сўзида мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати, унинг мазмун-моҳияти ҳамда ёш авлод учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Туман ҳокими юртимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ва ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун барча шароитлар мавжуд эканини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, туман Ёшлар ишлари бўлими раҳбари Аброр Мерганов сўзга чиқиб, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, бандлик, таълим, тадбиркорлик, спорт ва маданият соҳаларида йўлга қўйилган ишлар ҳақида ахборот берди. Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган ташаббуслар натижаларига тўхталиб ўтди.
Учрашув давомида турли соҳаларда юқори натижаларга эришган туманимизнинг иқтидорли ёшлари ҳам сўзга чиқиб, ўз ютуқлари, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди. Улар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар тадбир иштирокчилари — тенгдошларига катта мотивация бўлиб хизмат қилди.
Шунингдек, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Ғофуржон Хусейнов ўз чиқишида ёшларга маънавий-ахлоқий тарбия, сабр-тоқат, меҳнатсеварлик ва Ватанга садоқат ҳақида ибратли насиҳатлар берди. У ёшларнинг билимли, онгли ва фаол бўлиб камол топиши жамият тараққиётининг асосий омили эканини таъкидлади.
Тадбирнинг муҳим қисмида туман ҳокими ёшларнинг мурожаат ва таклифларини тинглади. Ёшлар томонидан ишга жойлашиш, таълим, тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилма, субсидия ажратиш ҳамда бошқа ижтимоий масалалар юзасидан бир қатор мурожаатлар бўлди. Барча мурожаатлар диққат билан кўриб чиқилиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича тегишли мутасаддилар билан аниқ чора-тадбирлар белгиланиши таъкидланди.
Туман ёшларида катта таассурот қолдирган бугунги учрашув ёшлар ва маҳаллий ҳокимият ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ёшларнинг муаммо ва таклифларини жойида ҳал этиш, энг муҳими, уларни мамлакат тараққиётига даҳлдорлик ҳисси билан тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.









