Баҳромжон Норқобилов 2-сон политехникум фаолияти билан танишди
2025-12-17 15:25:00 / Янгиликлар

Ташриф аввалида туман раҳбари политехникум раҳбарияти билан мулоқот қилиб, таълим муассасасидаги умумий шарт-шароитлар, ўқув жараёнининг ташкил этилиши ҳамда моддий-техника базаси билан танишди. Маълумки, ушбу политехникум асосан транспорт йўналишида малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган бўлиб, бу йўналишда таълим бериш учун зарур ўқув хоналари, амалиёт базаси ва замонавий ускуналар мавжуд.
Ўрганиш жараёнида туман ҳокими амалиёт хоналари ва устахоналарни кўздан кечириб, у ерда ўқувчилар учун яратилган қулайликларга юқори баҳо берди. Хусусан, амалий машғулотларни сифатли ташкил этиш, назарияни амалиёт билан уйғунлаштириш орқали рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган ишлар ижобий баҳоланди.
Мулоқот давомида политехникум раҳбарияти томонидан муассаса ҳудудида жойлашган автодром майдонини кенгайтириш зарурати мавжудлиги, бу эса ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу билан бирга, мазкур масалани ҳал этиш учун моддий жиҳатдан кўмак зарурлиги юзасидан мурожаат билдирилди.
Туман ҳокими ушбу муаммони ижобий ҳал этиш, автодром майдонини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.





