Оҳангарон тумани ҳокими Баҳромжон Норқобилов "Нуробод" маҳалласида бўлди
2025-12-17 15:20:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида туман ҳокими маҳалла “еттилиги” аъзолари билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида маҳалла "еттилиги"нинг соҳалар кесимида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотлари тингланди. Жумладан, маҳаллада камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан мунтазам ишлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, миграцияда бўлган фуқаролар билан ишлаш, шунингдек, оилавий низоларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, маҳалла кесимида манзилли режалар асосида ишлаш, аҳоли билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди. Туман ҳокими соҳадаги камчиликлар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди.
Шунингдек, учрашув давомида маҳалладаги мавжуд муаммолар, аҳолини қийнаётган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Учрашув якунлангач, туман ҳокими “Нуробод” маҳалласи ҳудудида жойлашган 52-умумтаълим мактабининг айни пайтда фойдаланилмай турган филиал биноси билан танишди. Бино ҳолатини кўздан кечирар экан, уни таъмирлаш ва келгусида унумли фойдаланиш зарурлиги юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқ ва амалий тавсиялар берди.






