Вилоят ҳокими чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича йирик завод қурилишини бориб кўрди
2025-12-16 17:00:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Оҳангарон тумани Янги Ҳаёт МФЙ ҳудудида хитойлик тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган йирик инвестисиявий лойиҳанинг қурилиш ишлари билан танишди.
Танишув давомида Хитойнинг “Чина CАМC Энгинееринг” компанияси вакиллари томонидан лойиҳа тақдимоти ўтказилиб, заводнинг қуввати, технологик жараёнлари, экологик хавфсизлик чоралари ҳамда амалга оширилаётган қурилиш ишларининг жорий ҳолати ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилиб, унга 240 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестисиялар жалб этилган. Корхонада йилига 912 минг тонна (кунига 2,5 минг тонна) қаттиқ маиший чиқиндилар термик усулда қайта ишланиб, 390 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу Ўзбекистондаги энг йирик экологик корхона сифатида қаралмоқда.
Вилоят ҳокими қурилишдаги жорий ҳолат билан танишар экан, лойиҳанинг ҳозирги экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади ва уни белгиланган муддатларда, имкони борича тезроқ ишга тушириш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш бўйича юзага келадиган масалаларни ҳал этишда вилоят ҳокимлиги доим кўмакка тайёр эканини маълум қилди.
З. Мирзаев корхона атрофида экосаноат зонасини шакллантириш имкониятларига ҳам тўхталиб, келгусида ушбу ҳудудда турли саноат корхоналарини жойлаштириш, шу орқали янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш бўйича таклифларини илгари сурди.
Маълумот ўрнида, мазкур ҳудудда 14,7 гектар ер майдонида экосаноат зонаси ташкил этиш белгиланган бўлиб, шундан 12 гектарида завод қурилиши бошланган. Ҳозирги кунда қурилиш ишларига 30 тадан ортиқ махсус техника ва 200 нафарга яқин ишчи-хизматчилар жалб этилган. Топографик-геодезик тадқиқот ишлари ва ер майдонларини текислаш жараёнлари тўлиқ якунланган.
Айни пайтда заводнинг асосий биноси учун пойдевор ишлари, ҳудудни девор билан ўраш, вақтинчалик модулли биноларни жойлаштириш ҳамда асосий технологик ускуналарни харид қилиш ишлари режага мувофиқ амалга оширилмоқда.
Лойиҳани жадаллаштириш бўйича хорижий инвестор ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда.



