Баҳромжон Норқобилов “Қорахитой” маҳалласига ташриф буюриб, маҳалла “еттилиги” аъзолари билан учрашув ўтказди
2025-12-15 12:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси томонидан ўз йўналишлари кесимида амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича ахборот берилди. Жумладан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳамда маҳалладаги мавжуд муаммолар бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Туман ҳокими ўз нутқида маҳаллада камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ ва манзилли ишларни ташкил этиш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, оилалар билан индивидуал ишлаш, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар берилди.
Учрашув давомида ёшлар ва хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, таълим, спорт ва маънавий-маърифий тадбирларга кенг жалб этиш юзасидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилди. Бу борада маҳалладаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
Туман раҳбари ташриф доирасида маҳалла биноси билан ҳам яқиндан танишиб, бу ерда яратилган шарт-шароитларни ўрганди. Фаоллар залида аҳоли, айниқса, ёшлар учун маънавий-маърифий маскан сифатида кутубхона ташкил этиш таклифини билдириб, бу орқали китобхонликни тарғиб этиш ва маънавий муҳитни янада бойитиш мумкинлигини таъкидлади.
Учрашув якунида билдирилган таклиф ва кўрсатмалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, маҳаллада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.









