Оҳангарон туман ИИБ бошлиғи Жўраев Улуғбек Турабековичнинг туманимиз ҳудудида жамоат тартибини ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича аҳолига МУРОЖААТИ
2025-12-10 17:55:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 11 ойи мобайнида туман ҳудудидаги маҳаллаларда жами 368 та жиноят содир этилди, шундан олдини олиш мумкин бўлган 181 та жиноятнинг 16 таси тан жароҳати билан боғлиқ, 7 таси ўғирлик 164 таси бошқа жиноятларни ташкил этади.
Жами 31 та маҳаллаларимизнинг 9 тасида умуман жиноят бўлмаган бўлса, 3 таси “қизил” маҳалла тоифасида қолмоқда.
Жорий йилнинг 3-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-207-сонли Фармони қабул қилинган бўлиб, ушбу Фармон талаблари асосида ИИВнинг 17-ноябрь куни 428-сонли Фармойиши ишлаб чиқилган. Ҳозирда ушбу фармойиш асосида туман ҳудудида профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, “Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар” Концепцияси асосида оила-турмуш доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этувчи шахсларнинг (жанжалкаш ва низоли оилалар) ҳолидан мажбурий равишда камида ҳар 3 кунда хабар олиш амалиёти йўлга қўйилган. Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида “маҳалла еттилиги” томонидан фуқаролар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи “маҳалла тарғиботчиси” жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилиб, маҳалладаги жамоат жойлари, кўп қаватли турар жой ва уйлар олдида “ташвиш” тугмалари ўрнатилди. “Намунали хавфсиз кўча” ва “намунали хавфсиз уй”лар ташкил этилди. Туман ҳудудидаги маҳаллаларда ички кўчаларни ёритиш учун босқичма-босқич ёритиш жихозлари ўрнатилиши йўлга қўйилмоқда
Ҳурматли туманимиз аҳолиси ва меҳмонлари!
Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, энг аввало, қонунларга ҳурмат ва уларга риоя қилишдан бошланади.
Биз учун оддий ҳисобланган қоидабузарликлар ҳам катта жиноятларнинг бошланишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис, ҳар бир фуқаро қонунга итоаткор бўлиши, ўз ҳуқуқ ва бурчларини чуқур билиши, шунингдек энг асосийси, ҳалқимизнинг анъанавий ва тарихий устуни ҳисобланиб келган маҳалла фаоллари, нуроний отахон-онахонларимиз, ота-оналар, бевосита келажагимизнинг пойдевори бўлган ёшларимизга давлатимиз қонунларига риоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда бефарқ бўлмасликлари замоннинг долзарб талабларидан биридир.
Аёллар ва ёшлар жамиятимизнинг таянчи ва келажагидир. Уларни турли зўравонлик, ноқонуний таъсирлар ва зарарли оқимлардан ҳимоя қилиш, вояга етмаганларни соғлом, маънавиятли ва қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш барчамизнинг умумий бурчимиздир.
Ҳар бир жамиятнинг энг кичик ва бошланғич нуқтаси ҳисобланган оила – инсоният ҳаётининг энг муқддас маскани, миллатнинг маънавий таянчи ва келажак авлод тарбиясининг беқиёс мактабидир. Айнан аёллар, вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг вужудга келишини олдини олувчи бошланғич нуқта ҳам бевосита оиладир.
Маҳалла халқимизнинг қадимий қадриятлар ва ҳамжиҳатлик макони бўлиб, жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва жамоатчиликнинг бирлашган саъй-ҳаракати жиноятчиликка қарши курашда катта самара беради.
Юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш барчамизнинг қўлимизда. Қонунларга риоя қилиш, жиноятчиликка қарши муросасиз бўлиш ва адолатни улуғлаш орқали фарзандларимиз учун обод ва хавфсиз Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз ва бу барчамизнинг энг асосий бурчимиздир.
Ҳурматли ватандошлар!
Ҳар биримиз бурч ва масъулият билан маҳалламизни асрашимиз, доим хушёр ва сергак бўлишимиз даркор ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши муросасиз курашишимиз орқали олдимизга қўйилган барча мақсадларга эришамиз!
Улуғбек Жўраев, Оҳангарон туман ИИБ бошлиғи.
