Оҳангаронда Ўзбекистон–Польша ҳамкорлигида савдо ва логистика маркази очилади
2025-12-03 14:30:00 / Янгиликлар

Маросимда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Польша Республикаси элчихонаси расмийси Мариан Пшендзески, шунингдек, жамоатчилик фаоллари, ишбилармон доира вакиллари ҳамда нуронийлар иштирок этди.
Лойиҳа учун ажратилган ер майдонида замонавий логистика инфратузилмаси, саноат ва савдо майдонлари, ҳудудлараро товар айрибошлаш алоқаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган сервис объектлари барпо этилади.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент вилоятида сўнгги йилларда хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик юқори суръатлар билан ривожланмоқда.
Хусусан, Польша каби Европа Иттифоқи давлатлари билан саноат кооперацияси ва инвестисиявий шериклик янги босқичга кўтарилмоқда. Қурилаётган янги марказ ҳам ана шу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ва хорижлик ҳамкорларнинг савдо-сотиқ муносабатлари учун қулай шароитлар, замонавий транспорт-логистика инфратузилмаларини яратишга хизмат қилади.
Бундай марказларнинг ташкил этилиши вилоятда товар айланмаси ҳажмини кенгайтиради, ишлаб чиқариш занжирларининг барқарорлигини таъминлайди, янги иш ўринлари яратилишига ҳамда тўғридан-тўғри инвестисиялар оқимининг ўсишига замин яратади.




