Оҳангарон тумани ИИБ бошлиғи Улуғбек Жўраевнинг кибержиноятларнинг олдини олиш юзасидан аҳолига йўллаган МУРОЖААТИ
2025-11-29 09:10:00 / Янгиликлар

Ҳурматли туманимиз аҳолиси!
Оҳангарон туманида криминоген вазиятни яхшилаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилаётганидан яхши хабардорсиз. Бу долзарб вазифаларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳамкорлик масалаларига ҳам боғлиқ. Шу боис Сиз – азизларга мурожаат қилмоқчиман.
Хабарингиз бор, кейинги пайтларда туманимизда номаълум шахслар томонидан банк тўлов карталаридан пул ечиб олиш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Кибержиноятларни содир этишнинг қуйидаги усулларидан огоҳ бўлишингиз кераклигини яна бир бор эслатиб ўтишни лозим топдик.
Биринчидан, телефонингизга нотаниш ёки яширин рақамлардан қўнғироқ қилиб, ўзини “банк ходими” ёки бошқа бир молия ташкилот ходими сифатида таништириб, сизга ҳомийлик сифатида пул ажратилиши, фондлардан пул ажратилиши, нафақага чиқиш даврига аниқлик киритиш каби пул берилиши билан боғлиқ хабарларни айтса, асло ишонманг!
Бундай вазиятларда соддалик қилиб, шахсингизга оид маълумотлар, паспорт рақамингиз, юз тасвирингизни телеграмдаги профилингизни юборманг! Чунки, айни усулда фирибгарлар алдов йўли билан картангиздаги маблағларингизни ўзлаштириб олади.
Иккинчидан, телеграмдаги профилингиз орқали нотаниш аккаунтлардан бир-икки дақиқа вақтингизни ажратишингизни, молиявий ўйинларда иштирок этиб, кўпроқ пул олиш, инвестиция компанияларига пул тикиб даромадга эга бўлишингиз, мижозларга жамоатчилик хизматини ошириш, ҳеч нима иш қилмасдан кунига 22 минг сўмдан маблағни олиш каби текинга пул бериш билан боғлиқ ёлғон хабарларни билдириш орқали, шахсингизга оид маълумотлар, паспорт рақамингиз, юз тасвирингизни алдов йўли билан олишга эришиши мумкин.
Учинчидан, фирибгарлар турли ташкилот, корхона, компанияларга тегишли бўлган телефон рақамларни сохталаштиришга имкон берувчи дастурлардан фойдаланиб, текинга пул бериш билан боғлиқ ёлғон хабарларни билдириш орқали, шахсингизга оид маълумотлар, паспорт рақамингиз, юз тасвирингизни алдов йўли билан олишга қўлга киритишга ҳаракат қилади.
Мазкур ҳолатлар телефонингизга уланган банк тўлов картангизга кибержиноятларнинг яширин равишда ва тезкорлик билан кириб, ундаги пулларни ўғирлаш орқали ёки номингизга хусусий молиявий корхоналардан кредитлар расмийлаштириш орқали пулларни ўзлаштириб, қарздор бўлишингизга сабаб бўлади!
Шу боис, пластик карта рақамингиз, паспорт рақамингиз ва бошқа шахсий маълумотларингизни ҳеч қачон ҳеч кимга берманг ва бу таклифларга рози бўлманг!
Бундай мурожаат ёки таклиф бўлса, қуйидаги тавсияларга амал қилинг:
Аввало, суҳбатни дарҳол тўхтатиб, бу тўғрисида зудлик билан Ички ишлар органларидаги
102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг! Ички ишлар органларида тезкор-суриштирув ишлари ўтказилиши, мурожаат қилган ташкилот ёки фуқаронинг фирибгар ёки ишончли экани текширилиб берилиши таъминланади.
Шуни ёдда тутинг, “Текин пишлоқ қопқонда” бўлади, деганларидек фирибгарларга алданиб қолманг!
Ҳурматли тумандошлар!
Оҳангарон туманида жами 31 та маҳаллаларимизнинг 9 тасида умуман жиноят бўлмаган бўлса, 4 таси “қизил” маҳалла тоифасида қолмоқда.
Жорий йилнинг 18-август куни давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими натижадорлигини янада оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ПҚ-253 сонли Қарорлари қабул қилинди.
Мазкур Қарор билан “Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар” Концепцияси тасдиқланди. Унга кўра, оила-турмуш доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этувчи шахсларнинг (жанжалкаш ва низоли оилалар) ҳолидан мажбурий равишда камида ҳар 3 кунда хабар олиш амалиёти йўлга қўйилади, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида “маҳалла еттилиги” томонидан фуқаролар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи “маҳалла тарғиботчиси” жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади, маҳалладаги жамоат жойлари, кўп қаватли турар жой ва уйлар олдида “ташвиш” тугмалари ўрнатилади, “намунали хавфсиз кўча” ва “намунали хавфсиз уй”лар ташкил этилади.
Ҳурматли туманимиз аҳолиси ва меҳмонлари!
Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, энг аввало, қонунларга ҳурмат ва уларга риоя қилишдан бошланади. Биз учун оддий ҳисобланган қоидабузарликлар ҳам катта жиноятларнинг бошланишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис, ҳар бир фуқаро қонунга итоаткор бўлиши, ўз ҳуқуқ ва бурчларини чуқур билиши, шунингдек энг асосий ҳалқамизнинг анъанавий ва тарихий устуни ҳисобланиб келган маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар-онахонларимиз, ота-оналар, бевосита келажагимизнинг пойдевори бўлган ёшларимизга давлатимиз қонунларига риоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда бефарқ бўлмасликлари замоннинг долзарб талабларидан биридир.
Аёллар ва ёшлар жамиятимизнинг таянчи ва келажагидир. Уларни турли зўравонлик, ноқонуний таъсирлар ва зарарли оқимлардан ҳимоя қилиш, вояга етмаганларни соғлом, маънавиятли ва қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш барчамизнинг умумий бурчимиздир.
Ҳар бир жамиятнинг энг кичик ва бошланғич нуқтаси ҳисобланган оила - инсоният ҳаётининг энг муқддас маскани, миллатнинг маънавий таянчи ва келажак авлод тарбиясининг беқиёс мактабидир.
Айнан аёллар, вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг вужудга келишини олдини олувчи бошланғич нуқта ҳам бевосита оиладир
Маҳалла халқимизнинг қадимий қадриятлари ва ҳамжиҳатлик макони бўлиб, жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва жамоатчиликнинг бирлашган саъй-ҳаракати жиноятчиликка қарши курашда катта самара беради.Юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш барчамизнинг қўлимизда.
Қонунларга риоя қилиш, жиноятчиликка қарши муросасиз бўлиш ва адолатни улуғлаш орқали фарзандалримиз учун обод ва хавфсиз Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз ва бу барчамизнинг энг асосий бурчимиздир.
Ҳурматли ватандошлар, ҳар биримиз бурч ва масъулият билан маҳалламизни асрашимиз, доим хушёр ва сергак бўлишимиз ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши муросасиз курашишимиз орқали олдимизга қўйилган барча мақсадларга эришамиз.
Улуғбек ЖЎРАЕВ, Оҳангарон тумани ИИБ бошлиғи.
