ТЎЙЛАРИМИЗ ҲАҚИДА ЎЙЛАРИМИЗ!
2025-11-28 14:35:00 / Янгиликлар

Юртимизда тўйлар ва у билан боғлиқ жараёнлар ҳақида кўп фикрлар айтилмоқда. Ҳаттоки, республика миқёсида “Маромийлик” лойиҳаси доирасида ташаббуслар билан чиқилиб, амалий ишлар ҳам бошланди.
Никоҳ тўйи нима ўзи? Келинг, аввало шу саволга жавоб топайлик. Тўй инсон ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиб, у фақат икки инсоннинг бирлашуви эмас, балки янги оила пойдеворининг қўйилишидир. Аждодларимиз анъаналарида бу борада аниқ йўл-йўриқлар берилиб, никоҳни енгиллаштириш, ортиқча исрофгарчиликдан қочишга чақирилган.
Агар яқин ўтмишга назар солинса, бизнинг миллий тўйларимизда бундай қарашлар умуман йўқ эди. Масалан, оддийгина “келин салом” ва “юз очар” тадбирларини бир таҳлил қилсак... Янги хонадонга қадам қўяётган келинчак шу уйнинг остонасига, ёши улуғларига, қайнота ва қайнонасига, қайни ва қайнисингилларига, овсинларига эҳтиром ила салом қилиб, шу хонадон аъзолигига қабул қилинган. Бу ерда ҳеч қандай оворагарчилик ва ортиқча нарсанинг ўзи йўқ эди. Бу бизнинг қадим бувижон ва момоларимиздан қолган миллий қадриятимиз эди. Совғаларга келсак, янги келин учун “кўрмана” берилган. Чунки, янги келинни кўриш учун келган меҳмонлар кўрмана билан кўришишган. Ҳар ким топганини берган. Бу жараёнда ҳеч ким совғага эътибор бермаган, аксинча келин билан танишиш, дея баҳоланган. Бугунги кундаги қудалар томонидан берилаётган совға-саломларнинг “алмашинуви”ни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Гўёки, ҳаммаси хўжакўрсинга ва ким ўзарга қилинаётгандек... Гоҳо ҳайрон қоламан, шу совғаларни олиш учун эрталабки “келин салом”га келаётган меҳмонлар ҳам йўқ эмас! Агар “юз очар” маросимида ҳақиқатан ҳам келинчакнинг ибо ва ҳаёси назарда тутилса, унда никоҳдан олдин ўтказиладиган “қиз базми”нинг нима кераги бор? Ҳаттоки, қайнона-келин, куёв-келин биргаликда рақсга тушишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз даврларида никоҳни енгиллаштириш ва маънавий жиҳатдан бой қилишга чақирганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийя розияллоҳу анҳо билан тўй қилганларида, валима таоми сифатида савиқ (қовурилган буғдой ёки арпа уни) ва хурмо тортдилар”. Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўй маросимларини ортиқча дабдаба билан эмас, балки оддий ва баракали таомлар билан ўтказганлар. Тўй маросимининг асосий мақсади исрофгарчилик қилиш эмас, балки никоҳнинг эълон қилиниши ва мўминларнинг бир-бирига дуолар қилишидир.
Яна бир жиҳатга тўхталмоқчи эдим: келин ва куёв чақириқларини ўтказишдан мақсад, қуда тараф ва уларнинг қариндошларини бир-бирлари билан яқиндан танишиб олишлари, келгусида “қудачилик минг йилчилик”ка амал қилиш, шунингдек, яхши ва ёмон кунларида ёнида туриш кўзда тутилган. Иккала томон ҳам чақириқларда қўйилаётган “сарпо суруқ”ларга кўз тикишмаган.
Агар эътибор билан қаралса, шу кунларда ўтказилаётган тўйларимиздаги ортиқча дабдабалар ва маросимлар шу даражада кўпки, кўплари гўё хўжакўрсинга қилинаётгандек... Сабаби маълум, ўзбек аёлларида биринчидан, тақлид ўта кучли ва иккинчидан, шундай бўлиши керак, мен қиладиган тўй-у томоша ҳеч кимникидан кам бўлмаслиги керак, деган тушунчалар аллақачон шаклланиб улгурган. Билмадим-у, бугунги тўйлардаги мантиқсизликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Пайғамбаримиз таъкидлаб ўтганларидек: “Никоҳнинг энг баракали бўлгани энг осон ва энг енгил қилинганидир”.
Атоқли жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бундан юз йил олдин “Тўй ва таъзияга сарф қилинадурғон ақчаларимизни биз туронийлар илм йўлиға сарф этсак, анқариб овропайиларидек тараққий этармиз ва ўзимизда обрўй ва ривож топамиз. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур!” – деган эди. Қаранки, орадан бир аср ўтибдики, ҳали ҳам бу муаммо ўз ечимини топмабди.
Хулоса қилиб айтганда, тўйларимизда бундай ортиқча ва мақбул бўлмаётган, ҳаттоки, баъзи оилаларни қийнаб қўяётган тадбирлар талайгина. Энг ёмони, шу жиҳатларга бефарқ ёки лоқайд қараб турган ёши улуғ момоларимиз ҳам гўёки, “оғизларига талқон солиб олишган...” Келинглар меҳмондўст, қўли гул, фаросатли аёлларимиз: ислоҳ қилишни аввало ўзимиздан бошлайлик. Ёшларга ўрнак бўлиш, ўргатиш ва йўл-йўриқ кўрсатиб туриш ҳаммамизнинг вазифамизку, азизалар!
Раъно Ўразова, “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO” кафедраси доценти, PhD.
