Оҳангаронда болаларни боғчага қамраб олиш даражаси қандай?
2025-11-28 14:25:00 / Янгиликлар

Юртимиз келажаги бўлган ёш авлодни ҳар томонлама етук, баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли таълим ва тарбия олишига боғлиқ. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш, болаларни боғчага қамраб олиш даражасини ошириш ҳамда замонавий, хавфсиз ва қулай таълим муҳитини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тадбиркорларга катта имкониятлар яратилиб, хусусий ва оилавий боғчаларни ташкил этиш борасида имтиёз ва субсидиялар берилмоқда. Бироқ, мавжуд имкониятларга қарамай, айрим ҳудудларда қамров даражаси етарли даражада эмас. Бундан ташқари, кадрлар салоҳияти ҳамда ота-оналарнинг боғча хизматларига бўлган эҳтиёжи билан боғлиқ масалалар ҳам муаммолигича турибди. Хўш, Оҳангаронда болаларни боғчага қамраб олиш кўрсатгичлари қандай, педагог кадрлар етишмовчилиги кузатилмаяптими?
Юқоридаги саволлар билан Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Марҳабо Дадаматова билан суҳбатлашдик.
Бугунги кунда Оҳангарон тумани ва Оҳангарон шаҳрида болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси неча фоизни ташкил этади?
– Туманда 2023-2024-йил якунида қамров даражаси 78,4 фоиз бўлган бўлса, 2025-йилда 77,2 фоиз (7 217 нафар) бўлиб, яъни қамров даражаси пасайган. Бунга асосан ҳудудларнинг тарқоқ жойлашуви сабаб бўлмоқда.
Шаҳарда эса аксинча, қамров даражаси 2023-2024-йил якунида 104,5 фоизни ташкил қилиб, 2025-йилга келиб 110,1 фоизга (3 093 нафар) етган. Бу ўсишга 50 ўринли оилавий нодавлат МТТ очилгани ва 11-сонли МТТнинг битта гуруҳи таъмирдан чиқарилиб иш бошлагани таъсир кўрсатди.
Туман ва шаҳар ўртасида болаларни боғчага қамраб олишда фарқ борми?
– Ҳа албатта, сезиларли фарқ мавжуд. Шаҳарда ҳар бир маҳаллада мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритади, таълим сифати юқори. Шунингдек, туманнинг кўплаб аҳолиси шаҳар корхоналарида ишлайди ва фарзандларини шаҳардаги боғчаларга олиб келиш улар учун қулай. Шу сабабли шаҳар қамрови жуда юқори.
Аҳоли сонининг ўсиши ёки миграция жараёнлари қамров даражасига таъсир қилаяптими?
– Туманда 23 нафар (3-7 ёшли) болалар ота-оналари билан миграцияда. Миграция жараёни эса албатта қамров даражасига ўз таъсирини ўтказади. Шаҳарда эса миграция даражаси паст бўлгани сабабли қамровга деярли таъсири йўқ.
Сўнгги йилларда Оҳангарон тумани ҳамда шаҳрида нечта янги боғча қурилди ёки реконструкция қилинди? Хусусий мактабгача таълим муассасалари қамровга қанчалик ҳисса қўшмоқда?
– Туманда “Обод қишлоқ” дастури асосида “Алишер” МФЙда 120 ўринли 36-сонли давлат МТТ фойдаланишга топширилган бўлса, шаҳарда эса “Ташаббусли бюджет” асосида 4 та боғча мукаммал таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, Оҳангарон шаҳрида 2 та хусусий ва 5 та оилавий нодавлат МТТ фаолият кўрсатмоқда. Қамровнинг 2,4 фоизи айнан ушбу ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади.
Оҳангаронда боғчаларда педагог кадрлар етишмовчилиги мавжудми? Қайси йўналишларда кўпроқ сезилади?
– Тумандаги айрим маҳаллалардаги боғчаларда директор ўринбосарлари, мусиқа раҳбарлари ва жисмоний тарбия йўриқчилари каби педагог кадрлар етишмовчилиги мавжуд. Шаҳарда эса барча штатлар тўлиқ банд, кадрлар таъминоти етарли.
Бугунги кунда болаларни тўлиқ боғчага қамраб олишга қандай сабаблар тўсқинлик қилмоқда?
– Туман ҳудудиниг катталиги, ҳудудларнинг тарқоқ жойлашуви, боғчалар сонининг етарли эмаслиги сабаб 3-7 ёшли 9 352 нафар боладан фақат 7 217 нафари боғчага қамраб олинган, қолган 22,8 фоизи ҳудудларнинг тарқоқ жойлашуви сабаб қамровсиз қолмоқда. Шаҳарда эса барча болалар тўлиқ боғчага қамраб олинган.
Вилоят бўйича Оҳангароннинг қамров кўрсаткичлари қайси ўринда?
– Туман ўртача кўрсаткичга эга, шаҳар эса энг юқори қамров кўрсаткичларидан бирини қайд этган. Бунга таълим сифатига эътибор, моддий-техник база янгиланиши ва директорларнинг ББИТ тизими орқали мунтазам ишлаши сабаб бўлмоқда.
Туманимиз ва шаҳримизда мактабгача таълим тизимида болаларни боғчага қамров даражаси бўйича сезиларли фарқлар кузатилмоқда. Туман ҳудудининг тарқоқлиги, айрим йўналишларда кадрлар етишмовчилиги ва миграция омиллари қамровнинг пасайишига сабаб бўлмоқда. Шунга қарамай, янги боғча қурилиши, мавжуд муассасаларни реконструкция қилиш ва малакали педагогларни жалб этиш бўйича чора-тадбирлар давом этмоқда.
Аутсорсинг тизимининг жорий этилиши соғлом овқатлантириш, шаффофлик ва самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда. Умуман олганда, Оҳангарон тумани ва шаҳрида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича бошланган ишлар изчиллик билан давом эттирилса, келгуси йилларда қамров даражаси янада ошиши кузатилади.
Севара ТУРҒУНОВА, "Оҳангарон ҳаёти" мухбири.
